Бугун Энергетика вазирлигида ташкил этилган брифингда мамлакатимиз истеъмолчиларини энергия ресурслари билан барқарор таъминлаш бўйича кеча, 19 январь куни амалга оширилган ишлар ҳақида маълумот берилди.

Унда вазирлик ахборот хизмати раҳбари Дилдора Ҳошимова қуйидаги кўрсаткичларга эътибор қаратди:
– Бугунги кунда юртимизда 148 та электр станцияси ишлаб турибди. Кеча, 19 январь куни электр станциялари орқали жами 267,5 миллион кВт·соат, режадагига нисбатан 104 фоиз кўп электр энергияси ишлаб чиқарилди.
Республика истеъмолчиларига 246,8 миллион кВт·соат, режадагига нисбатан 103 фоиз кўп электр энергияси етказиб берилди. Табиий газ истеъмоли 145 миллион метр кубни ташкил қилди. Автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчаларига 1,3 миллион метр куб табиий газ етказиб берилди. 2 минг 300 тонна (режага нисбатан 109% кўп) суюлтирилган газ ишлаб чиқарилди. Аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларига 2 минг 300 тонна суюлтирилган газ етказилди. Ҳудудлардаги газ тўлдириш шохобчаларида 8 минг тонна суюлтирилган газ захираси яратилган.
Юртимизга совуқ ҳаво ҳарорати кириб келиши ва ҳафта охирига қадар яна ҳарорат тушишини инобатга олиб, газ қувурларидаги босимни бир маромда ушлаб бориш мақсадида метан қуйиш шохобчалари фаолиятига вақтинчалик чеклов киритилди. Уларнинг фаолиятини қайта тиклаш бўйича қўшимча маълумот бериб борилади. Аҳоли эҳтиёжларини таъминлаш мақсадида ижтимоий соҳа объектлари ва жамоат транспорти учун газ таъминоти барқарор тарзда ишлаши таъминланади. Ҳозирги пайтда айрим ҳудудларда аҳоли хонадонларида газ босими пасайганлиги сабабли қувурларда босимни тиклаш ва уни меъёр даражасига келтириш ишлари олиб бориляпти.
Бундан ташқари, биржа савдоларига чиқарилаётган автобензин ҳажми оширилади. Хусусан, 19 январда биржа савдоларига 2,4 минг тонна суюлтирилган газ чиқарилди, шундан 2,3 минг тоннаси сотилди.
Автобензин ва дизель ёнилғиси ҳам аҳоли ва иқтисодиёт тармоқлари эҳтиёжини қоплайдиган даражада етказиб берилмоқда. Хусусан, биржа савдоларига жами 10,5 минг тонна автобензин ва 16,1 минг тонна дизель ёнилғиси чиқарилиб, шундан 3,6 минг тонна бензин ва 2,1 минг тонна дизель ёнилғиси сотилган.
“Ўзбекнефтгаз” биржа савдоларига чиқарилаётган кунлик автобензин ҳажмини талабга қараб етарли даражада оширади. Совуқ ҳаво оқими натижасида автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчалари (метан заправкалар) фаолиятига киритилаётган қисқа муддатли чекловлар муносабати билан биржа савдоларига чиқарилаётган автобензин ҳажми оширилади.
Бугунги кунга қадар биржа савдоларига қўйилаётган кунлик 3700 тонна бензин ҳажми талаб ва таклифга қараб 5000 тоннагача оширилиши маълум қилинди.
Вазирлик тизимидаги корхоналарда қазиб чиқариш ва ишлаб чиқариш ишлари ҳам ўрнатилган тартибда олиб борилмоқда. Барча корхоналарда тузилган Штаблар 24 соатлик навбатчилик режими асосида ишини давом эттиради.
Республика ҳудудлари бўйлаб электр тармоқлари ҳамда трансформатор пунктларида юкламаларнинг ортиши ҳисобига юзага келаётган носозликлар тезкор бартараф этиб борилмоқда. Авария бригадалари шай ҳолатга келтирилган, улар махсус транспорт воситалари ва муҳим эҳтиёт қисмлар билан таъминланган.
Кеча электр қурилмаларида юзага келган 7 та, газ таъминотида эса 1 та носозлик авария бригадалари томонидан тезкорлик билан бартараф этилиб, таъминот тикланди.
Табиий газ таъминоти бўйича 19 январь соат 19:30 да Сурхондарё вилояти Қумқўрғон тумани ҳудудидан ўтувчи юқори босимли газ қувурини автомашина уриб юбориши натижасида ҳудуддаги 4 400 та аҳоли хонадони ҳамда 70 та улгуржи истеъмолчининг табиий газ таъминоти вақтинчалик тўхтатилган. Соат 22:20 да носозлик бартараф қилиниб, истеъмолчилар табиий газ таъминоти қайта тикланган.
Истеъмолчилардан келиб тушаётган мурожаатларга тезкорлик билан чора кўриш бўйича бригадалар фаолияти ташкил этилган. Ҳудудий электр ва газ таъминоти филиалларидаги “Call markaz”лар 24/7 режимида фаолият юритмоқда. 19 январь куни электр ва газ таъминоти масалалари бўйича истеъмолчилардан 20 минг 338 та мурожаат келиб тушган ва барчасига тегишлилиги бўйича тушунтиришлар берилган.
Ноқонуний ҳолатлар бўйича ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро Ф.С. ва бошқалар ўзаро тил бириктириб, тижорат мақсадида Андижон шаҳри Пистамозор маҳалласи ҳудудидаги хонадонида яширин равишда 5 та тўпламда майнинг қурилмасини умумий электр тармоғига ўзбошимчалик билан улаган ва жами 438,7 миллион сўм миқдорида электр энергиясидан ноқонуний фойдаланган. Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Шунингдек, Андижон вилояти Пахтакор туманидаги “П.Т.О.” корхонасига қарашли электр қурилмалар ўзбошимчалик билан тармоққа уланиб, электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиб келаётганлиги аниқланди. Ушбу қоидабузарлик натижасида 790,6 миллион сўмлик зарар етказилганлиги маълум бўлди.
Хоразм вилояти Ҳазорасп туманининг Боғдор маҳалласида олиб борилган навбатдаги рейд тадбирларида ушбу маҳалладаги истеъмолчи Р. С. хонадонида табиий газдан ноқонуний фойдаланиш ҳолати фош этилди, 104,2 миллион сўмлик зарар қайта ҳисоб-китоб қилинди.
Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳрининг Қумовул маҳалласида яшовчи фуқаро К. Г. ҳисоблагичдан ташқари резина шланг орқали табиий газ тармоғига уланиб, “зангори ёқилғи”дан ноқонуний фойдаланиб келгани аниқланди ва 240 миллион 334 минг сўм зарар ҳисобланди. Ушбу ноқонуний ҳолатлар бўйича барча ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилди.
Эслатиб ўтамиз, қишнинг совуқ кунларида юзага келиши мумкин бўлган носозликларни бартараф этиш мақсадида электр ва газ таъминоти корхоналарида ташкил этилган. Шу мақсадда, кечаю кундуз ишлайдиган 1 минг 479 та махсус бригада сафидаги 7 минг 596 нафардан зиёд ишчи-ходим жойларда юзага келаётган муаммоларни тезкорлик билан бартараф этмоқда.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА