Сардобада тиббий кўрик ташкил этилди
Давлатимиз раҳбари топшириғига биноан, Оққўрғон тажрибаси асосида, Сирдарё вилоятида оғир ҳудуд тоифасига кирган Сардоба туман аҳолисининг ижтимоий-иқтисодий соҳалардаги муаммоларини вазирлик, ҳокимлик, сектор раҳбарлари, мутахассислар томонидан “маҳаллабай” ўрганиш ишлари давом этмоқда.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги даволаш профилактика ёрдамини ташкиллаштириш бошқармаси бошлиғи Умидилла Рисқиев бошчилигидаги тиббиёт тизими ходимлари Сардобада истиқомат қилаётган, соғлигида муаммоси бор, ижтимоий аҳволи оғир, "Темир дафтар", "Аёллар дафтари", "Ёшлар дафтари"га киритилган фуқаролар саломатлигини ўрганиш ва уларга амалий ёрдам бериш мақсадида чуқурлаштирилган тиббий кўрик ташкил этди.

Тумандаги 15 та маҳаллада истиқомат қилувчи 1236 нафар фуқаро тиббий кўрик жараёнларига қамраб олинди. Шу билан бирга, тумандаги “Зомин” “Ровот”, “Бўстон”, “Бирлашган”, “Пахтакор”, “Бирлик”, “Отаюрт”, “Дўстлик”, “Янгиқишлоқ”, “Халқобод”, “Юртдош” МФЙ ҳудудида яшовчи фуқаролар учун “хонадонбай” тиббий кўриклар ташкил этилиб, саломатлиги билан боғлиқ муаммолар ўрганиб чиқилди.

Натижада соғлигида жиддий муаммоси бор, ижтимоий аҳволи оғир бўлган фуқаролардан 7 нафари туман тиббиёт бирлашмасининг даволаш профилактика бўлимига шошилинч ётқизилди, уларга интенсив даво муолажалари буюрилди, зарур дори воситалари билан таъминланди. 7 нафар бемор Республика ихтисослаштирилган илмий амалий тиббиёт марказларининг Сирдарё вилоят филиалларига имтиёзли йўлланма асосида йўналтирилди ва вилоят даволаш профилактика муассасаларига даволаниш учун ётқизилди. Улар учун кетадиган харажат давлат тиббий суғуртаси жамғармаси маблағлари ҳисобидан қоплаб бериладиган бўлди.

Шу билан бирга, сурункали ва юқумли бўлмаган касалликлари боис уйда ётиб қолган 20 нафар фуқаронинг саломатлик кўрсаткичи чуқурлаштирилган ҳолда ўрганилди. Уларга малакали ва етакчи мутахассисларнинг консультатив маслаҳатига асосан бепул дори-дармон воситалари етказиб берилди.
Сардобада бошланган "Инсон қадри учун" эзгу тамойили асосидаги “маҳаллабай” ўрганиш тадбирлари аҳолининг оғирини енгил қилибгина қолмай, уларнинг ҳаётдан ва жамиятдан рози бўлиб яшашларида муҳим аҳамият касб этади.

Шуҳрат Суяров, ЎзА