Сардобада қўшма корхона иш бошлайди
Тошқиндан талофат кўрган “Дўстлик” маҳалласидан ва ниҳоят қувончли хабар тарқалди.
“Сардоба” сув омбори тўғони ўпирилиши оқибатида зарар кўрган Сардоба, Оқолтин ва Мирзаобод туманларида олиб борилаётган тикланиш ишлари кундан-кунга жадаллашмоқда.
Халқимиз бирдамлик ва матонат билан талофат кўрган маҳаллаларда тегишли давлат органлари билан елкама елка туриб, юз берган техноген вазият оқибатларини бартараф этишга ҳаракат қилмоқда.
Тошқиндан талофат кўрган “Дўстлик” маҳалласидан ва ниҳоят қувончли хабар тарқалди. Сардоба тумани давлат хизматлари марказида хорижий шахс иштирокида “KAA SOCKS” масъулияти чекланган жамияти шаклидаги қўшма корхона рўйхатдан ўтказилди.
Қўшма корхонанинг айнан Сардоба сув омбори тошқини оқибатида талофат кўрган “Дўстлик” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида барпо этилаётгани маҳаллий аҳолининг келажакка бўлган ишончини янада ортишига сабаб бўлди. Тўқилган ва трикотаж пайпоқ маҳсулотлари ишлаб чиқаришга мўлжалланган корхона иш бошлаши билан маҳалла аҳолисининг 100 нафари доимий иш ўрнига эга бўлади.
Дарҳақиқат, юртимизда тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида, шу соҳада фаолият олиб боришни истаган фуқаролар учун кенг кўламдаги имкониятлар эшигини очиб бермоқда. Айниқса, мамлакатимизда трикотаж маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича сармоя киритиш истагида бўлган хорижий инвесторлар учун қулай бизнес шароитининг яратилаётганлиги юртимизнинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш йўлидаги саъй-ҳаракатлардандир.
Дилфуза ЖАРБЕКОВА,
ДХА Сирдарё вилоят бошқармаси
Жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар шўъбаси раҳбари