Сардобада “Ҳоким ва ёшлар” учрашди
“Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” муносабати билан Сардоба тумани ҳокимлигида Ёшлар ишлари агентлиги ташаббуси билан “Ҳоким ва ёшлар” учрашуви ташкил этилди.
Туман ҳокими билан бўлиб ўтган тўғридан-тўғри мулоқотда фаол ва иқтидорли ёшларнинг таклиф ва мурожаатлари тингланди. Уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, меҳнат қилиши, бўш вақтини мазмунли ўтказиши учун барча зарур шарт-шароитларни яратиб бериш учун бор имкониятларини ишга солиниши қайд этилди.
Туманда ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш мақсадида 15 та маҳаллада “Workout” спорт майдончалари қурилиб, ёшлар ихтиёрига топширилди. Маданият саройи моддий-техник базасини яхшилаш, маданий тадбирлар ўтказиш учун зарур жиҳозлар ва либослар етказиб берилди.
Ёшлар бандлигини таъминлаш, касб-ҳунарга ўқитиш, тадбиркорликка жалб қилиш туман ҳокимлигининг асосий мақсади бўлиб, бугунги кун ҳолатига 150 нафарга яқин йигит-қизнинг бандлиги таъминланди.
Бундан ташқари, “Ҳар бир ёшга – 1 гектар!” лойиҳаси доирасида 700 нафарга яқин ёшга деҳқончиликни йўлга қўйиши учун 0,50 гектардан ер майдони ажратиб берилди.
“Ёшлар: 1+1 дастури” лойиҳаси ижросини таъминлаш мақсадида – тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш истагини билдирган 500 нафар сардобалик ёшга тижорат банклари томонидан зарур кредит маблағлари ажратилиб, тадбиркорликка жалб қилинди.
– Тумандаги барча ёшларимизни тўлиқ қамраб олмас эканмиз, бундай амалий ишлар қилишдан тўхтамаймиз, – деди Сардоба тумани ҳокими Абдуазим Хидиров ёшлар билан ўтган учрашувда. – Сиз, сардобалик қалби олов ёшларимиздан туман равнақи учун янада фаол бўлишингизни сўраб қоламан. Зеро, ҳар бир ёшнинг ютуғи ўзимнинг ва шу туман халқининг ютуғи, деб биламан.
Учрашув сўнгида туман ҳокими халқаро, мамлакат ва вилоят миқёсида ўтган турли фан, таълим, маданият, санъат ва спорт соҳаларидаги тадбир, кўрик-танлов ва мусобақаларда юқори натижаларни кўрсатиб, туман фахрига айланган 30 нафар иқтидорли ёшга фахрий ёрлиқ ва қимматбаҳо совғалар топширди.
Тумандаги 9-сонли болалар мусиқа ва санъат мактабига мусиқа жиҳозлари топширилиб, шу мактабни битириб ўз йўналишлари бўйича олийгоҳга ўқишга кирган 4 нафар сардобалик ўқувчига 30 миллион сўмлик сертификат берилди.
А.Қаюмов, Ф.Тошматов (сурат), ЎзА