Саноат ярмаркаси – имкониятлар майдони
Жиззах Олимпия захиралари коллежида Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Жиззах вилояти ҳокимлиги ҳамда Электрон кооперация портали маркази ҳамкорлигида “Ҳудудий тармоқлараро саноат ярмаркаси” ташкил этилди.
Ярмарканинг тантанали очилишида Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси ўринбосари Галина Саидова, Ўзбекистон инвестиция ва ташқи савдо вазирининг ўринбосари Отабек Чориев ва Жиззах вилоят ҳокими Эргаш Солиев иштирок этди.
Икки кун давом этган ҳудудий тармоқлараро саноат ярмаркасида Қорақалпоғистон Республикаси ва республикамизнинг барча вилоятларидан келган корхона ва ташкилотлар, шунингдек, якка тартибда фаолият кўрсатувчи тадбиркорлар, оилавий корхоналар ўз маҳсулотлари билан иштирок этди.
Мазкур тадбир иқтисодиёт тармоқларида кооперацияни ривожлантириш, корхоналар ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши боис тадбиркорлар учун муҳим аҳамият касб этди.
Бу ишлар кўламини кенгайтиришда давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 1 майдаги “Саноат кооперациясини янада ривожлантириш ва талаб юқори бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда 2019 йил 24 августдаги “Давлат ва хўжалик бошқаруви ҳамда маҳаллий ижроия ҳокимияти органларининг ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ва саноат тармоқларида кооперация алоқаларини жадаллаштиришнинг янги тизимини жорий этиш бўйича масъулиятини янада ошириш тўғрисида”ги қарорлари муҳим ҳуқуқий асос бўлаётир.
Ярмаркада қурилиш материаллари, енгил саноат, автомобилсозлик, электротехника, фармацевтика соҳалари учун маҳсулотлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган йирик ва ҳудудий корхоналар, жами 775 та тармоқ ва ҳудудий корхоналар иштирок этди. Шундан, 142 та корхона 3 минг турдан ортиқ маҳсулотлари билан қатнашаётган бўлса, 633 та корхона эса маҳсулотсиз иштирок этди.
– Корхонамизда 2020 йилдан буён германиялик ҳамкорларимиз ёрдамида "VOLKSWAGEN" ҳамда Чехиянинг "SKODA" автомобиллари ишлаб чиқарилмоқда, — дейди Жиззах автомобиль заводи масъулияти чекланган жамияти менежери Соҳибхон Солихов. — Айни пайитда республикамизда тиббиёт соҳасида, айниқса, тез тиббий хизматни ривожлантириш мақсадида корхонамиз томонидан жорий йилда мингта "AMBULANCE" автомобилларини ишлаб чиқаришни режалаштириб қўйганмиз. Бугунги кунга қадар республикамизга юзта ана шундай замонавий "AMBULANCE" автомошиналарни етказиб беришга эришилган. Келажакда қўшимча автомобиллар эҳтиёт қисмларини ишлаб чиқариш бўйича янги лойиҳаларни ишга туширяпмиз. Ишлаб чиқарилаётган автомобилларимиз сифати биз учун муҳим. Шу боис ҳам талаб юқори.
Вилоятда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 2021 йилда 7,4 триллион сўмни ташкил этган бўлса, 2022 йилда 10 триллион сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилиши режалаштирилмоқда.
Вилоятдаги йирик тармоқ саноат корхоналаридан ташқари кичик бизнес саноати корхоналари томонидан 2021 йилда 4,2 триллион сўмлик саноат маҳсулоти ишлаб чиқарилиб, аҳоли жон бошига 2 минг 878 сўмни ташкил этди.
Маҳаллийлаштириш дастури доирасида ҳам 2020 йилда 684,8 миллиард сўмлик ва ўтган 2021 йил якуни билан 3 триллион 384,4 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилди ва ишлаб чиқариш ҳажми 4,9 баробарга оширилиши таъминланди. Натижада, 1 минг 293 дан ортиқ янги иш ўрни яратилган.
Бундан ташқари, вилоятдаги саноат корхоналарининг ўзаро кооперация алоқаларини ривожлантириш бўйича олиб борилган саъй-ҳаракатлар ҳисобига, 2021 йилда бу корхоналар ўртасида Электрон саноат кооперация портали орқали 159,6 миллиард сўмлик маҳсулотлар савдоси амалга оширилди.
Жорий йилда маҳаллийлаштириш дастурида 51 та корхонада 67 турдаги 1 триллион 562 миллиард сўмлик 2021 йил режага (729,0 миллиард сўм) нисбатан 214 фоиз кўп маҳсулотлар ишлаб чиқарилиши, импорт ўрнини босиш самарадорлиги 137 миллион долларни ташкил этиши ҳамда 15 миллон долларлик маҳсулотлар экспортга йўналтирилиши режалаштирилган.
Шундан, 1 триллион 539 миллиард сўмлик 52 та ишлаб чиқаришни кенгайтириш бўйича, 22,5 миллард сўмлик 15 таси янги лойиҳалар ҳисобланади.
Айни пайтда вилоятида 120 дан зиёд хорижий инвестиция иштирокидаги корхоналар ва 4 мингга яқин саноат корхоналари фаолият кўрсатмоқда.
Вилоятда бўлиб ўтган ҳудудий тармоқлараро саноат ярмаркасида иштирок этаётган ишлаб чиқарувчилар кўплаб чакана ва улгуржи савдо корхоналари вакилларига ҳам қулай ва манфаатли ҳамкорлик шартномалари тузиш учун кенг имконият беради.
[gallery-6032]
Жамшид Ёрбеков (сурат), ЎзА