«Саноат сиёсати: назарий ёндашувлар ва эмпирик маълумотлардан Ўзбекистон учун сабоқлар» номли тадқиқот натижалари тақдим этилди
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар марказида Германиянинг “Berlin Economics” тадқиқот маркази вакиллари иштирокида саноат сиёсати, таркибий ўзгаришлар ва иқтисодиёт рақобатбардошлигини ошириш масалаларига бағишланган экспертлар семинари бўлиб ўтди.
Семинар доирасида Ўзбекистонда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотларга оид тадқиқот натижалари ва эксперт баҳолари юзасидан фикр алмашилди. Марказ экспертлари мамлакатда олиб борилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг асосий йўналишларини тақдим этди.
Ўз навбатида, германиялик мутахассислар Ўзбекистонда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларга юқори баҳо берди. “Berlin Economics” экспертлари Вольдемар Вальтер ва Макс Марчинек Германия иқтисодий гуруҳи (German Economic Team) доирасида тайёрланган «Саноат сиёсати: назарий ёндашувлар ва эмпирик маълумотлардан Ўзбекистон учун сабоқлар» номли тадқиқот натижаларини тақдим этди.
Тақдим этилган таҳлилга кўра, 2017 йилдан кейин Ўзбекистонда саноатни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш воситалари таркибида сезиларли ўзгаришлар юз берган. Тариф чораларининг улуши 10 фоиз бандга қисқарган, субсидиялардан фойдаланиш эса сезиларли даражада кенгайган.
Тадқиқот натижалари давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чоралари асосан иқтисодиётнинг рақобатбардош тармоқларига, жумладан, металлургия, тоғ-кон ва кимё саноатига йўналтирилганини ҳам кўрсатди.
Шу билан бирга, германиялик экспертлар Ўзбекистон иқтисодиёти рақобатбардошлиги таркибидаги ўзгаришлар, аввало, 2017 йилдан буён амалга оширилаётган кенг кўламли иқтисодий ислоҳотлар, жумладан, ташқи савдони эркинлаштириш ва бозор механизмларини ривожлантириш натижаларини акс эттиришини таъкидлади.
Муҳокамалар давомида корхоналар унумдорлигини ошириш, саноат сиёсати самарадорлигини кучайтириш ва Ўзбекистоннинг экспорт салоҳиятини кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Томонлар иқтисодиётдаги таркибий ўзгаришлар, саноатни ривожлантириш бўйича халқаро тажриба ҳамда миллий ишлаб чиқарувчилар рақобатбардошлигини белгиловчи омиллар юзасидан эксперт баҳолари билан ўртоқлашди.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази сўнгги ўн йил давомида “Berlin Economics” билан иқтисодий ўзгаришларни ўрганиш ва барқарор ривожланиш масалалари бўйича тадқиқот ёндашувларини ишлаб чиқишга қаратилган илмий-таҳлилий ҳамкорликни ривожлантириб келмоқда.
Томонлар экспертлар мулоқотини давом эттириш, қўшма тадқиқотлар ўтказиш ҳамда Ўзбекистон ва Германия тадқиқот марказлари ўртасидаги илмий-таҳлилий ҳамкорликни кенгайтиришдан манфаатдор эканини тасдиқлади.
Маълумот учун: “Berlin Economics” — иқтисодий тадқиқотлар олиб борувчи ҳамда давлат органларига маслаҳат хизматлари кўрсатувчи Германиянинг иқтисодий консалтинг ва тадқиқот компанияси.
German Economic Team (GET) — Германия ҳукуматининг лойиҳаси бўлиб, унинг доирасида экспертлар ҳамкор мамлакатларга, жумладан, Ўзбекистонга таҳлилий ва маслаҳат кўмагини кўрсатади.
Моҳигул Қосимова, ЎзА