Саноат корхоналари қурилишида ҳамкорлик
Қашқадарё вилояти Ғузор туманида барпо этилаётган "Uzbekistan GTL" заводи қурилишида Жанубий кореялик ишбилармонлар фаол қатнашмоқда.
Қашқадарё вилояти Ғузор туманида барпо этилаётган "Uzbekistan GTL" заводи қурилишида Жанубий кореялик ишбилармонлар фаол қатнашмоқда.
Президентимизнинг 2016 йил 29 декабрдаги қарорига мувофиқ, “Шўртан газ-кимё мажмуасининг тозаланган метани негизида синтетик суюқ ёқилғи ишлаб чиқаришни ташкил этиш” инвестиция лойиҳаси бўйича қўшимча чора-тадбирлар белгиланди. Давлатимиз раҳбари 2017 йил февраль ойида Қашқадарё вилоятига ташрифи чоғида мазкур заводнинг қурилиш майдонига келиб, уни молиялаштириш, хорижий технологиялар билан жиҳозлаш, қурувчилар ва кадрлар таъминоти каби барча масалаларни чуқур таҳлил қилган эди.

– Ҳозирги кунда қурилиш ишлари олиб борилаётган GTL заводи Марказий Осиёда ягона бўлиб, завод ишга туширилгандан кейин йилига 1,5 миллион тонна сентетик суюқ ёқилғи ишлаб чиқариш қувватига эга бўлади, – дейди қурилиш ишлари бўйича техник директор ўринбосари Бекзод Исмоилов. – Бу ёқилғи ўзининг экологик тозалиги билан ажралиб туради. Ҳозирги кунда қурилиш майдонида 6 мингдан зиёд ишчилар жалб қилинган. Ушбу қурилаётган завод Корея Республикасининг “Hyundai Engineering Co. Ltd.” ва “Hyundai Engineering and Construction Co., Ltd” компаниялари томонидан лойиҳалаштирилган бўлиб, ҳозирги кунда лойиҳалаш ишлари тўлиқ тугалланиш арафасида. Қурилиш ишларига компаниянинг тажрибали мутахасислари жалб қилинган.
Ушбу заводнинг Шўртан газ-кимё мажмуасига яқин жойлашгани умумлашган инфратузилма объектларидан фойдаланишда қулайлик яратади.

– Компаниямиз Ўзбекистон билан бир неча йиллардан буён мустаҳкам алоқа ўрнатган, – дейди Hyundai Engineering Co. Ltd компанияси лойиҳа менежери Жунг Ик Сун. – Масалан, бугунга қадар Нукусдаги УГКМ, Қандим, Таллимаржон ИЭСдаги янги блок лойиҳаларида фаол қатнашдик ва ҳозирда GTL Ўзбекистон заводининг лойиҳалаш ишларини амалга оширяпмиз. Ушбу завод ўзининг салмоғига кўра, йирик саноат корхонаси бўлади. Сабаби унга ўрнатилаётган ускуналар жуда ноёб ҳисобланади. Мамлакатингиз ҳудуди газ хомашёсининг кўплиги ушбу заводнинг самарали ишлашига ва иқтисодий барқарорликнинг ошишига хизмат қилади. Юртингизда шундай улкан саноат корхонаси қурилишида иштирок этаётганимиздан ҳурсандмиз. Ўйланманки, бундай кейин ҳам давлатларимиз ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик мустаҳкамланиб бораверади.