Санитария қоидаларини бузганларга чора кўрилди
Санитария қоидаларига бепарволик нафақат атроф-муҳит тозалигига, балки аҳоли саломатлигига ҳам жиддий хавф туғдиради. Чиқиндиларнинг ўз вақтида олиб чиқилмаслиги, ҳудудларнинг ифлосланиши ва санитария-гигиена талабларига риоя этилмаслиги юқумли касалликлар тарқалиши учун қулай шароит яратади. Шу боис Сирдарё вилоятида бу йўналишдаги назорат тадбирлари изчил давом эттирилмоқда.
Навбатдаги назорат тадбирлари Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси Сирдарё вилояти бошқармаси ҳамда вилоят прокуратураси ҳамкорлигида Гулистон шаҳри ва Гулистон тумани ҳудудларида ўтказилди.
Ўрганишлар давомида маҳаллалар, ижтимоий объектлар ва аҳоли яшаш ҳудудларининг санитария ҳолати атрофлича кўздан кечирилди. Хусусан, ҳудудларнинг тозалиги, маиший чиқиндиларнинг ўз вақтида олиб чиқилиши, санитария-гигиена қоидаларига риоя этилиши ҳамда ободонлаштириш ишларининг ҳолати баҳоланди.
Назорат натижаларига кўра, айрим ҳудудларда санитария талаблари бузилгани аниқланди. Қонунбузилишлар юзасидан амалдаги қонунчиликка мувофиқ 1 нафар фуқарога 412 минг сўм, 1 та тиббиёт муассасасига 4 миллион 120 минг сўм, шунингдек, санитария ҳолати учун масъул бўлган 2 нафар маҳалла фуқаролар йиғини раисига жами 20 миллион 600 минг сўм миқдорида маъмурий жарималар қўлланилди. Шу тариқа жами 25 миллион 132 минг сўмлик маъмурий чоралар кўрилди.

— Санитария-эпидемиологик осойишталикни таъминлаш ва аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш қонунчиликда белгиланган талабларга қатъий риоя этилишини талаб қилади. Санитария қоидаларининг бузилиши, чиқиндиларнинг тартибсиз ташланиши ва ҳудудларнинг ифлосланиши жамоат саломатлиги учун жиддий хавф туғдиради. Шу боис вилоятнинг барча шаҳар ва туманларида назорат тадбирлари мунтазам давом эттирилади. Санитария талабларини бузган ҳар қандай фуқаро, мансабдор шахс ёки ташкилотга нисбатан амалдаги қонунчилик доирасида қатъий ҳуқуқий чоралар кўрилади. Бу борада ҳеч кимга имтиёз берилмайди, — деди Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати Сирдарё вилояти бошқармаси бошлиғи ўринбосари Жамшид Султонов.
Мутасаддиларнинг таъкидлашича, бундай назорат тадбирларидан кўзланган асосий мақсад жарима қўллаш эмас, балки санитария маданиятини юксалтириш, аҳоли ўртасида масъулият ҳиссини кучайтириш ва соғлом яшаш муҳитини таъминлашдан иборат. Зеро, озода ҳудуд — соғлом жамиятнинг энг муҳим шартларидан биридир.
Ғулом Примов, ЎзА