Санитар тозалаш соҳасида янги босқич
Сўнгги йилларда мамлакатимизда аҳоли турмуш даражасини яхшилаш, атроф-муҳит муҳофазасини кучайтириш ва санитар тозалаш хизматлари сифатини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Айниқса, маиший чиқиндиларни тўплаш, ташиш ва қайта ишлаш тизимини замонавий талаблар асосида такомиллаштириш долзарб вазифалардан бирига айланди.
Бу борада юқори технологияларга асосланган ишлаб чиқаришларни жорий этиш, соҳада хусусий сектор иштирокини кенгайтириш ҳамда инвестициявий муҳитни яхшилаш бўйича изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Хусусан, жорий йил 4 январда қабул қилинган “Чиқиндиларни бошқариш тизимини такомиллаштириш ва уларнинг экологик вазиятга салбий таъсирини камайтириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент фармони соҳада янги босқични бошлаб берди. Ушбу ҳужжат асосида маиший чиқиндилар билан боғлиқ хизматларни ташкил этишда мутлақо янги – рақамлаштирилган тизим жорий этилди.

Янги тартибга кўра, тегишли вазирлик ва идоралар ҳамда “Ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти ҳамкорлигида аҳолига чиқинди хизматлари учун тўловларни амалга оширишда қатор қулайликлар яратилди. Энг муҳими, фуқаролар ўз қарздорликлари ҳақида ўз вақтида ва қулай шаклда хабардор бўлиш имкониятига эга бўлди.
– Мазкур соҳада қабул қилинган қонун ва қарорлар ижроси доирасида ҳудудларда махсус бошқарув операторлари фаолияти тартибга солинди. Маҳаллаларда хатлов ишлари ўтказилиб, аҳоли сони ва яшаш манзиллари аниқлаштирилди. Натижада, чиқиндихоналар тартибга келтирилиб, улар замонавий инфратузилма – канализация, иссиқ ва совуқ сув таъминоти билан жиҳозланди. Шунингдек, махсус техникаларга GPS қурилмалари ўрнатилиб, улар ҳаракатини онлайн кузатиш имконияти яратилди. Бу эса хизмат кўрсатиш жараёнининг очиқлиги ва самарадорлигини оширишга хизмат қилмоқда, – дейди Бухоро шаҳридаги “Шайх ул-олам” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Моҳира Тошева.

– 2026 йил 1 январдан бошлаб қаттиқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиш хизмати учун тўловлар тўлиқ электрон шаклга ўтказилди, – дейди вилоят Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш бошқармаси бўлим бошлиғи Асилбек Баротов. – Бу орқали қарздорлик ва ҳисоб-китоблар ҳақидаги маълумотлар электрон платформалар орқали тезкор етказилмоқда.
Айни пайтда Бухоро вилояти “Тоза ҳудуд” давлат муассасаси Жондор, Қоракўл, Пешку ва Олот туманларида 166 та маҳалланинг 99,6 фоизини қамраб олган ҳолда 412,8 минг нафар аҳолига хизмат кўрсатиб келмоқда. “Тозамакон” платформаси орқали барча абонентлар идентификациядан ўтказилиб, уларнинг маълумотлар базаси шакллантирилди. Бу эса аҳолининг тўлов маданиятини оширишда муҳим омил бўлмоқда.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, электрон тўлов тизимига ўтиш орқали нақд пул муомаласи кескин қисқарган. Эндиликда фуқаролар ўз шахсий ҳисоб рақамлари орқали банк хизматлари ва пластик карталар воситасида тўловларни амалга ошириш имкониятига эга.
Бугунги кунда вилоятда чиқиндиларни олиб чиқиш хизматлари “Махсусавтохўжалик”, “Аҳолитранс” МЧЖ ҳамда “Тоза ҳудуд” давлат муассасаси томонидан амалга оширилиб, 516 та маҳалланинг 99 фоизи қамраб олинган. 2,1 миллион аҳолининг 1,36 миллион қисми ягона электрон ҳисоб тизимида рўйхатдан ўтказилди.
Шу билан бирга, техник жиҳатдан ҳам янгиланишлар амалга оширилмоқда. Сўнгги вақтларда янги махсус техникалар харид қилиниб, чиқиндиларни саралаш учун замонавий контейнерлар ўрнатилди. Барча техникалар GPS тизимига уланган бўлиб, хизмат кўрсатиш жараёни тўлиқ назоратга олинган.
Санитар тозалаш соҳасига рақамли технологияларни жорий этиш нафақат хизматлар сифатини ошириш, балки шаффофликни таъминлашда ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда. Янги тизим орқали инсон омили камайиб, коррупция ҳолатларининг олди олинмоқда. Шунингдек, дебитор қарздорликлар камайиб, аҳоли мурожаатлари сони ҳам қисқараётгани кузатилмоқда.
Энг муҳими, мазкур ислоҳотлар аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва барқарор ривожланишни таъминлашга хизмат қилмоқда. Бу эса келажак авлод учун соғлом ва тоза муҳитни яратиш йўлидаги муҳим қадамдир.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари.