Санъаткорнинг ўлмас маҳорат мактаби
Мамлакатимиз бўйлаб атоқли санъаткор Ботир Зокиров таваллудининг 85 йиллиги кенг нишонланмоқда.
Номдор санъаткорлар оиласидаги тўнғич фарзанд бўлган Ботир ака 1936 йили 26 апрель куни дунёга келган. Ўзбек санъаткорини наинки мамлакатимизда, балки хорижда ҳам алоҳида ҳурмат ва эҳтиром билан хотирлайдилар.
Мусиқашуносларнинг фикрича, табиат уни серқирра иқтидор ила сийлаб, энг ёрқин қирраларни – ноёб овозни тақдим этган. У опера ариялари, ўзбек халқ қўшиқлари, замонавий композиторларининг қўшиқларию хориж шлягерларини маромига етказиб, бор овоз салоҳияти, ижодий имкониятини ишга солиб куйлаган санъаткор эди.
Маълумотларга кўра, унинг овози радио ва телевидение орқали жаранглаган. Концертлари санъат ихлосмандлари орасида катта шов-шувга сабаб бўлган. Яккахон концертларида ортиқча қадам босишга жой бўлмаган экан.
Манбаларга кўра, хонанданинг бой репертуари ҳам ҳайратланарли бўлган. Ушбу репертуардан моҳирона ижродаги ўзбекча қўшиқлар билан бирга дунёнинг кўплаб халқлари қўшиқлари ўрин олган. Тўғриси, ҳозиргача ҳеч ким унинг гўзал ва ифодали ижроси билан рақобатлаша олмайди. Биргина мисрлик актёр, хонанда ва композитор Фарид ал-Атрашнинг ҳозиргача қўшиқсеварлар орасида "Араб тангоси" номи билан машҳур бўлган ( аслида "Орзуларим машъали" ) қўшиғида қанча сеҳр, жозиба, тингловчини ўзига ром этувчи оҳанрабоси бор! Бу қўшиқ Ботир акани кўп мамлакатларда машҳур қилган ва умрининг охиригача хонанданинг "ташриф қоғози" бўлган экан. Биринчи Президентимиз Ислом Каримов фармони билан Ботир Зокиров "Буюк хизматлари учун" орденига муносиб кўрилганди.
Ботир аканинг 85 йиллиги нишонланаётган шундай қутлуғ кунларда унинг навқирон ёшида жаҳоний шуҳрат қозонгани, Ўзбекистон халқ артисти деган юксак номга муносиб топилганию, ўзбек хонандасининг Париждаги "Олимпия" концерт залида ўз ижроси билан барчани ҳайратга солгани, оғир аҳволига қарамай санъатга бўлган меҳри ва садоқати ҳақида кўп гапирилмоқда. Учрашувлар, мусиқий оқшомлар ўтказилмоқда. Санъаткор ҳақида ёрқин хотиралар ёдга олинмоқда. Китоблар, ҳужжатли картиналар тақдим этилмоқда. Бундай тадбирлар йил давомида давом этади ҳали.
Моҳир санъаткор таваллудининг 85 йиллигини нишонлашга оид ташаббус шунчаки йирик санани нишонлашга доир ғоя эмас! Юртбошимиз бир неча йиллар аввал ижодкор зиёлилар билан учрашув чоғида эстрадамизнинг ачинарли ҳолати, қўшиқчи ёшларнинг енгил-елпи шуҳратга ўчлиги, санъатга ҳаминқадар муносабати хусусида куюниб гапирганлари сира ёдимдан кетмайди. Ўшанда залда ўтирганларнинг айримлари бу гапларга кулганди. Негаки, давлат раҳбари ёшларнинг санъатга муносабати, унинг ортидаги осон шон-шуҳратни жуда топиб, ростмана тарзда таърифлаганди. Ботир Зокировдай афсонавий санъаткор таваллудининг нишонланишига доир ташаббус эса ёшлардаги айни ўша енгил -елпиликка барҳам бериш, номдор санъаткорлар мактаби ва анъаналардан янада кўпроқ ўрганиш, уларнинг инсоний фазилатларидан, ижодга, санъатга, ўз халқига муносабатларидан ибрат олишга бўлган даъватдир! Ботир Зокиров эса кўплаб санъат дарғаларимиз каби масъулият, изланиш, ижодга садоқатда, мухлисларга ҳурматда чинакам ибратдир. Назаримда у ҳамон ўзининг ўлмас қўшиқлари билан маҳорат дарсини ўтишда давом этмоқда.
Назокат Усмонова, ЎзА