Санъатимизнинг фидойи дарғаси
Камтарлик, меҳнатсеварликда, Ватанга, халққа, санъатга, ўз ҳаётий қарашларига содиқликда устоз ижодкор, Ўзбекистон халқ артисти Баҳодир Йўлдошев ҳар биримизга намуна бўладиган инсон эди. Пойтахтимиздаги “Туркистон” санъат саройида Ўзбекистон халқ артисти Баҳодир Йўлдошев таваллудининг 80 йиллигига бағишланган тантанали адабий-маърифий кеча бўлиб ўтди.
Сарой фойесида устоз санъаткор ҳаёти, фаолияти, серқирра ижодидан сўзловчи кўргазма ташкил этилди.
Тантанали тадбир аввалида Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси Хайриддин Султонов устоз ижодкор Баҳодир Йўлдошевнинг фаолияти, ижоди, инсоний фазилатлари хусусида батафсил тўхталди.
Эътироф этилганидек, Баҳодир Йўлдошев маънавий мезонлари ғоятда юқори бўлган, камчиликлар, иллатларга ниҳоятда муросасиз, Ватанни, халқини севадиган, миллий санъатимиз равнақини умр мазмунига айлантирган ижодкор эди.
Айни пайтда у замон ва макон қонуниятларини, инсон психологиясини теран англаган санъаткор эди. Унинг бевосита режиссёрлигидаги спектакллар миллий театр санъатимизнинг бебаҳо хазинасига айланган. Айни пайтда Баҳодир ака кўплаб бадиий фильмларда роль ижро этган. Ватанимизнинг Мустақиллик, Наврўз байрамлари, Халқаро мақом ва бахшичилик санъати фестивалларининг мусиқий дастурини тайёрлашда алоҳида фидойилик ва жонбозлик кўрсатган ижодкор эди.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Баҳодир Йўлдошев ижодига, унинг шахсиятига доимо катта эҳтиром, алоҳида меҳр ва ғамхўрлик, ҳурмат билан эътибор қаратади. Президентимиз шу йил август ойида қабул қилган фармони асосида “Дийдор” театр-студияси бадиий раҳбари Баҳодир Йўлдошев “Дўстлик” ордени билан тақдирланди.
Тантанали тадбирда Ўзбекистон халқ артистлари Ёдгор Саъдиев, Афзал Рафиқов, Элёр Носиров, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артистлар Фарҳод Абдуллаев, Муножат Тешабоева, Ўзбекистон халқ артисти Абдуҳошим Исмоилов Баҳодир Йўлдошевнинг инсоний фазилатлари, ишга, ижодга садоқат билан ёндашуви ҳақида батафсил гапирди.
Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азим моҳир режиссёр ҳақида “Саҳна айланади, Баҳодир” номли шеърини ўқиб берди.
Устоз санъаткор ҳақида ҳикоя қилувчи ҳужжатли фильм ғоят таъсирчан ва самимий руҳи билан тадбир иштирокчиларида катта таассурот қолдирди.
- Ўша даврда “Келинлар қўзғолони” спектаклининг саҳналаштирилиши чин ижодий қўзғолон эди, - деди Ўзбек Миллий академик драма театри директори, Ўзбекистон халқ артисти Ёдгор Саъдиев. – Буни Баҳодир Йўлдошевнинг ўша даврнинг камчиликларига, иллатларига нисбатан қўзғолони эди, дейиш мумкин.
– Баҳодир менинг дўстим эди,- деди Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азим. – Яхши-ёмон кунларни бирга ўтказганмиз. У шеърга ўхшарди. Шеър каби доим товланиб турарди.
Тантанали тадбирда спектакллардан намуналар, бадиий фильмлардан лавҳалар намойиш этилди.
Дилбар куй-қўшиқлар, жозибали рақслар кечага янада файз бағишлади. Санъаткорнинг фарзанди, “Дийдор” ёшлар-экспериментал театр-студияси бадиий раҳбари, таниқли режиссёр ва актёр Бобур Йўлдошев ота - онаси – Баҳодир Йўлдошев ҳамда Римма Аҳмедова хотирасига кўрсатилаётган чексиз эҳтиром учун миннатдорлик билдирди.
Адабий-маърифий кеча жуда файзли ва самимий руҳда ўтди.
Назокат Усмонова, ЎзА мухбири