Санъат ва китоб уйғунлиги
“Китобхонлик ҳафталиги” доирасида Сирдарё вилоятида яна бир маърифий тадбир ташкил этилди. Гулистон шаҳрида жойлашган Алишер Навоий номидаги Сирдарё вилоят ахборот-кутубхона марказининг кўргазмалар залида “Санъат ва китоб уйғунлиги” мавзусида рассомчилик бўйича амалий мастер-класс ўтказилди.
Тадбир Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси Сирдарё вилоят бўлими раҳбари, тажрибали рассом Анорқул Бойбеков томонидан олиб борилди. У ўзининг кўп йиллик ижодий тажрибаси орқали ёшларга тасвирий санъатнинг назарий ва амалий асосларини яқиндан намоён этди.

Мастер-классда Гулистон шаҳар “Sg and bk special group” хусусий мактаби ўқувчилари иштирок этди. Машғулот давомида уларга қалам билан чизиш, ранглар билан ишлаш, ёруғлик ва соя бериш, композиция тузиш каби тасвирий санъатнинг асосий кўникмалари амалий тарзда ўргатилди.
– Китоб ўқиш нафақат рассомнинг, барчанинг тасаввурини кенгайтиради, фикрлаш доирасини бойитади ва янги ғоялар пайдо бўлишига туртки беради. Санъат эса ўқилган билимларни амалиётда намоён этиш имконини яратади. Шу жиҳатдан китоб ва санъат бир-бирини тўлдиради ва инсоннинг ижодий ривожланишида муҳим ўрин тутади, – дейди Анорқул Бойбеков.

Мусаввир ижодида акварел (сувбўёқ), акрил ва мойбўёқ техникасида яратилган асарлар алоҳида ўрин эгаллайди. Унинг “Сеҳрли Сирдарё” ва “Сир билан сўзлашган бўёқ” каби туркум асарларида Сирдарё табиати, дарё бўйлари, кенг манзаралар ҳамда сирдарёлик инсонларнинг ҳаёт тарзи ёрқин акс эттирилган. Шу билан бирга, “Зомин манзаралари” туркумида Зомин табиати, тоғ манзаралари, фасллар алмашинуви ва табиат гўзаллиги томошабинни ҳайратлантирадиган даражада ёрқин рангларда тасвирланган.
Энг асосийси, рассом ушбу асарлари орқали нафақат табиат гўзаллигини, балки инсон ва муҳит ўртасидаги уйғунликни ҳам маҳорат билан очиб беради. Шу билан бирга, унинг пейзаж асарларида она табиатга бўлган муҳаббат ва инсон руҳияти билан уйғунлик яққол намоён бўлади.

Қувонарлиси, мусаввир асарлари нафақат юртимиздаги кўргазма заллари ва санъат галереяларида муносиб ўрин эгаллаган, балки хорижий давлатларда ҳам намойиш этилиб, санъат ихлосмандлари томонидан юқори баҳоланган. Бу эса унинг ижоди халқаро миқёсда ҳам эътироф этилаётганидан далолат беради.
“Китобхонлик ҳафталиги” доирасида ўтказилган ушбу тадбир ёшларни китоб ўқишга, тасвирий санъатга қизиқтириш, уларнинг ижодий дунёқарашини кенгайтиришга хизмат қилган муҳим маърифий лойиҳа бўлди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири