Санъат – бу менинг ҳаётим
Рассом Алим Раҳматуллаев билан суҳбат
Раҳматуллаев Алим Маратович 1984 йил Тошкентда туғилган. У кўп қиррали рассом: тасвирий санъат, графика, дизайн, рақамли санъат, интерьер безаги соҳаларида фаол. У Нью-Йоркдаги “United Nation: Nations –Water –Cultures” ва Лондондаги Watercolour +Works on Paper Fair каби халқаро кўргазмаларда иштирок этган. Асарлари АҚШ, Буюк Британия, Италия, Россия, Германия ва Ўзбекистоннинг хусусий коллекцияларида сақланади. Рассом Тошкентда Ўзбекистон халқ рассоми Зайнутдин Фахрутдинов қўлида таҳсил олган. Меъморчилик ва қурилиш институтида ўқиган, дизайн соҳасида узоқ йиллар ишлаган. Бу йўл унинг бадиий қарашларини кенгайтириб, ҳозирги ижодида ўз ифодасини топган. “One more life” – “Яна бир ҳаёт” бу Алим Маратовичнинг кўп йиллардан кейинги Тошкентдаги илк шахсий кўргазмаси. Кўргазма 2024 йил ноябрь ойида бўлиб ўтди. Экспозицияга рассомнинг беш йилдан ортиқ вақт давомида ишлаган, деярли жамоатчиликка кўрсатмаган асарлар туркуми киритилган.
–Нима учун айнан кўргазманинг номини “Яна бир ҳаёт” - “One more life” деб номладингиз?
–Мен 15 йил олдин Самарқандга борганимда Тиллакори мадрасасига кирдим. Бошимни кўтариб ақл бовар қилмайдиган гўзал манзарани кўрдим. Сеҳрли думалоқ портал... Бу калейдоскоп каби ҳаракатланувчи минглаб майда геометрик шакллардан ташкил топган шифт тонози эди. Улар гўё тирик эдилар! Олтин рангли биллурдек товланган нақшлар бир-бири билан суҳбат қилаётгандек кўринди. Юрагим жиз этиб кетди. Шундай қилиб, “Бошқа ҳаёт” метафораси дунёга келди, кейинчалик у менинг асарлар тўпламимга “Яна бир ҳаёт” номи бўлиб муҳрланди. Бу воқеадан кейин орадан йиллар ўтди, мен расм чизишда давом этдим ва бир куни тақдир мени Сочи шаҳрининг тоғларида жойлашган “Красная Поляна” деб номланган сеҳрли манзилга олиб борди.
Мен коинотнинг келиб чиқиши, келажакда инсон муносабатлари каби мавзуларни ўрганишни бошладим. Ва тоғларда ичимда ўзгариш содир бўлганини англадим; мен бошқа одамга айланаётган эдим. У ерда маънан бойиганимни сездим. Янги асарлар яратиш ҳақида ўйлай бошладим. Мен ҳар доим янги нарса синтез ва аралашиш орқали туғилишига ишонганман. Ва бу асарлар учун мен Уйғониш даврининг энг машҳур расмларини таҳлил қилиш, уларни қайта тасаввур қилиш, юракка сингдириш ва уларни муқарнас объективи орқали ифодалаш ғоясини ўйладим. Шунингдек, ушбу асарлар тўпламида мен севги ва инсоний муносабатлар мавзусини талқин қилишга интилдим.
–Асарларингизда Уйғониш даври анъаналари кучли экан-да.
–Уйғониш даврининг буюк намояндаларидан Микеланжело, Леонардо да Винчи, Сандро Боттичелли, Рафаэл Сантинининг картиналари ҳозиргача ўз жозибаси билан мухлисларни ҳайратга солиб келмоқда. Уйғониш даврида энг машҳур бўлган асарларни кузатдим. Масалан, “Сикст Мадоннаси”, “Донна Вилата”, “Мадонна Бельведерская”, “Авлиё Михаил ва аждаҳо”, “Шайтонни енгаётган Архангел”, “Мона Лиза”. Мен худди шундай юзлаб картиналарни бирма-бир, синчиклаб ўрганиб чиқдим. Миллий атлас, адраслар, урф-одатларимиз, маданиятимиз ва нақшинкор биноларнинг орнаментал шакллари билан уйғониш даврида яратилган асарларни қўшиб асар яратсам, деган фикр шу тарзда пайдо бўлди. Иккита оқимни уйғунлаштириб, замонавий санъат - Учинчи Ренессанс даврига мослаб асарлар яратдим. Яъни, Шарқ ва Ғарб ўртасидаги ўзаро таъсир жараёнининг асосий манбалари асосида асарлар яратдим. Ушбу кўргазмада шуларнинг бир туркуми қўйилган. Сериянинг бошланғич нуқтаси – Муқарнас. Муқарнаснинг маъноси ислом меъморчилигида кенг тарқалган, ғоят нозик ва мураккаб орнаментал меъморий элементдир. У кўп қиррали, гулхонали тузилишига эга бўлиб, ғорсимон ҳажмий шакллардан ташкил топади. Бухоро, Хоразм, Қўқон хонликлари даврида қурилган қадимий биноларнинг устунлари, нақшинкор шакллардан иборат иморатларни ўз асарларимда янада жозибали кўрсатишга ҳаракат қилдим.
[gallery-30847]
–Санъат сиз учун нима?
–Санъат – бу менинг ҳаётим. Ҳаётимни бошқача, яъни санъатсиз тасаввур қилолмайман. Санъат эстетик озуқа. Чиндан ҳам санъатга бўлган муҳаббат инсонни фақат ва фақат эзгуликлар сари чорлайди. Санъат инсонни тарбиялайди. Уни юксакликка ундайди. Ҳамма гап бу оламга қанчалик ошуфталикда. Шоир лутф қилганидек, “...барча латофатин намоён қилиб, эвазига фақат ҳайрат сўрайди”.
–Санъат орқали халқимизга нимани кўрсатмоқчисиз?
–Нафақат халқимизга балки, бутун дунёга олиб чиқсам дейман. Санъатимиз, маданиятимиз орқали Ўзбекистонимиз номини улуғласам, дейман. Бунинг учун энг аввало 24 соат ишлаш керак. Ҳар қандай касбда ҳаракат қилиш керак. Мен мактаб давридан бошлаб дафтаримга расм чизганман. 6-синф ўқиётганимда ёнимизда ишлаб чиқариш комбинати бўларди. Ҳар хафта борардик. Ўша пайтда касб танлашни бошлаганман. Кимдир тикувчи, кимдир наққош бўлишни истаган. Мен наққош бўлишни танлаганман. Чунки чизишга қизиққанман. Бир йил тўгаракка бордим. Наққошлик санъатига тез киришиб кетдим. Энг зўр ўқувчи бўлганман. Шунда дадам мени тушунганлар ва буни рассомчилик йўналишига бериш керак, деганлар. Тайёргарлик кўриб, Тошкент архитектура-қурилиш университетига ҳужжат топширдим. Дизайн ва амалий графика факультети янги очилган эди. Шу факультетга ўқишга кирдим. Магистратура босқичини битириб, рассомчилик билан шуғулландим. Акварел техникаси чет элда жуда қадрли ҳисобланади. Лондондаги “Акварел + Қоғозга ишлаганлар” кўргазмасида ўн дона ишимдан олти донаси биринчи кундаёқ сотилган. Нью-Йоркдаги “United Nation: Nations – Water – Cultures” сув муаммосига бағишланган кўргазмада бошқа ишларим сотилган. Булар мен учун жуда катта мотивация бўлган. Кейинчалик қирққа яқин асарларим сотилиб кетди.
–Ўзингизга энг ёққан асарларингиз ҳақида гапириб берсангиз?
–Мен учун ҳамма асарим боламдек азиз. Чунки ҳар бир асаримга жонимни бераман. Ҳар бир асарим мен учун қадрли. “Баҳорги уйғониш”да март ойининг биринчи кунида ғунчаларнинг энди-энди очилаётган жараёни, севги-муҳаббат, уйғониш даври акс этган. Ҳаётимиз озгина ўзгарганда, менинг назаримда, дунё ўзгариб, ҳолат бошқача бўларди. Мен асаримда фантазияга жуда кенг эрк бераман. Рассомчиликда “Портлаш назарияси” деган тушунча бор. Мен “Портлаш назарияси” оламида беш йил давомида олимдек изланиб, ўйлаб бирданига портлаб янгилик олиб чиқдим, дея оламан. Асарларимни кўрганлар сўзимга ишонади. Ҳар бир рассомнинг дунёга қараш назарияси бўлади. Мен бу асарларга беш йил умримни сарфладим.
Шу жойда бир воқеани айтиб бераман. 2013 йилда мени Сочига дизайнер сифатида таклиф қилишди. Оилам билан бирга Сочига кўчиб бордик. У ерда Олимпиада бўлди. Кавказ тоғлари орасида мўъжизавий майдон бор. Манзарани кўриб ҳайрон қолганман. Худди Швейцария тоғлари дейсиз. Ўша жойда тўрт ярим йил яшадим. Энг қизиғи, тўрт ярим йил ичида ҳеч қандай асар чизмаганман. Нима учун, ҳалигача билмайман. Уриниб кўрганман, аммо ўхшамаган. Ваҳоланки, ҳамма шароит бор. Устахонам, ўйим, лекин ишлолмаганман. Тоғларда айланиб юраверардим. Демак, изланган эканман. Ўша пайтда ҳеч тушуна олмаганман. Манзараси шунчалик чиройлики, ҳар қандай рассом ишласа бўларди, аммо мен негадир табиатни эмас, балки янгилик яратиш учун доим изланишда бўлганман. Манзара бетимсол, чиройли, гўзал аммо Тошкентга қайтгим келарди. Туғилиб ўсган жойим, юртимни севаман. Тошкентда устахонамга кирганимда бўш холстни кўриб тўсатдан бир нарса миямда яшнаб кетди. Санъатни бошқача тасаввур қила бошладим. Чизишни бошлаганимда йўналишим ўзгарганини сездим. Фикрлашим, ўзим ўзгарган, бошқача инсон бўлиб қолгандек эдим. Асарларни ишлашни бошладим. Олдинги асарларим билан ҳозиргиларни солиштириб кўрсам, умуман бошқача. Беш йил расм чизмадим лекин чизиш йўналишим узгарди.
–Сизнингча, ёш авлодни тарбиялашда санъат қандай роль ўйнайди?
–Менимча энг муҳим роль ўйнайди. Ижодий фикрлашни ривожлантиради. Гўзалликни ҳис қилишни ўргатади.
–Бугун тасвирий санъатга эътибор қандай?
–Жуда зўр. Тасвирий санъатга катта эътибор бериляпти. Рассомларнинг галереялари кундан кунга кўпайиб боряпти. Архитектура йўналишида катта қурилишлар бўляпти. Дунё кўрган одамларда, тадбиркорларда борган сари тасвирий санъатга бўлган эхтиёж кўпаймоқда. Ўқимишли, зиёлилар, уйини безатмоқчи бўлган одамлар, деворга гул қоғоз ўрнига санъат асарини сотиб олмоқда. Йиллар ўтган сари санъат асарларининг қиммати, қадри ошиб боряпти.
–Сунъий интеллект ҳақидаги фикрингизни билмоқчи эдим?
–Бугун дунё ўзгарди. Ҳамма соҳага сунъий интеллект кириб келди. Ҳозир ёшлар ичида сунъий интеллектга қизиқувчилар кўп. Рассомликка орзуманд ёшларда бунга ихлос баланд. Умуман, рассом сунъий интеллект ёрдамида айрим юмушларни бажариши, сунъий интеллектдан қўрқмаслиги керак. Барибир сунъий интеллект қўл меҳнатини қоплаб беролмайди. Санъатда жон бўлиши керак. Сунъий интеллектда у йўқ, ғоя йўқ. Инсон ғоясида реаллик бор. Ҳозир мен ҳам асарларимда сунъий интеллектдан фойдаланишга ҳаракат қиламан. Аммо, расмга юракни, қалб қўрини фақат ва фақат ижодкорнинг қўли бера олади. Шу боис, сунъий интеллект ёрдамида рассом мақсадига тезроқ етиши мумкин, деб ўйлайман. Ёшларимиз ана шу жиҳатларга эътибор беришларини истайман.
–Рассомлар ижодини дунёга кўпроқ таништириш учун нима қилиш керак?
–Тошкентда жуда кўп иқтидорли рассомлар бор. Уларни янада юқори чўққига чиқариш учун санъатшунослар эътибор қилиши керак. Рассомларнинг ўзлари ҳам гуруҳ-гуруҳ бўлиб интилиши керак. Бир ўзи юқори чўққига чиқолмайди. Арт диллерлар, санъатшунослар билан ишлаш керак. Чунки рассомнинг иши яратиш. Устахонасида фақат ижод қилиши зарур. Дунёга чиқиши учун маркетинг бўлиши даркор. Фикримча яна “арт бозор” бўлиши лозим. Санъат асарини баҳолайдиган жой бўлиши лозим. Тилланинг нархи, бозори, дўкони бор. Тасвирий санъат асариниям санъат бозорига олиб бориб, бемалол сотадиган жой бўлиши зарур. Маркетинг етмайди бизда. Агар санъат бозори бўлса, ишларимизни бемалол аукционга ҳам қўйсак бўлади. Масалан, менинг бозорим ҳам, ишларимни баҳоловчи экспертлар ҳам йўқ. Ўзим юрагим билан баҳолайман. Ишимни коллекция қилмоқчи бўлган харидорларнинг суҳбати жараёнида баҳоси келиб чиқади.
–Оммавий маданият ёшлар тарбиясига ёмон таъсир қиляпти…
–Интернет ривожи замон талаби. Чегаралай олмайсиз. Ҳамма боланинг қўлида телефон. Уни ота-она назорат қилиши керак. Агар назорат қилса, фойдали бўлади, албатта. Оммавий маданият кириб келмаса, ривожланиш ҳам бўлмайди. Ўзимизнинг маданиятимизни кучайтиришимиз керак. Қадриятларимиз, анъаналаримизни сақлаб қолиш учун боланинг ёшлигидан ота-онаси яхши тарбия берса, китоб ўқишга қизиқтирса, оммавий маданият халақит бермайди. Ёшликдан тўғри тарбия бериш керак. Тўғри йўл кўрсатса, ҳаммаси яхши бўлади.
–Сиз ўзингиз қадриятларни қандай тушунасиз?
–Мен Ўзбекистонда туғилиб, ўзбек маҳалласида катта бўлганман. Ёшлигимдан ўзбек урф-одатларини кузатиб, ош маросими, тўйларга бориб, ўзбек одоб-ахлоқини юрагимда жойлаганман. Ўзбек дастурхони ўзаро муомила маданияти, кўчаси, уйлар, архитектураси, бозори – ҳаммаси менга азиз. Савдо қилаётганларни кўрганда илҳомланаман. Миллий либослардан, атласу, адраслардан Қадимий Бухоро, Самарқанддаги Тиллакори мадрасаси, тарихий жойлар, бинолар ёқади. Бухоро Арки мени мафтун қилади. Қўқондаги Худоёрхон музейи Бухородаги Ситораи Моҳи хоса каби тарихий жойларда кўрганларимни асаримда ишлатганман. Геометрик чизиқлари, шакллари, устуни, ранги мени мафтун қилган.
–Муқарнас – майда иш. Сабр керак.
–Касбингизни севсангиз сабрнинг ўзи келади. Аввало, касбга қизиқиш керак. Чуқур киришиш керак, шунда сабр келади. 4-5 соатлаб нашқли чизиқларни ишлашга куч топасиз.
–Оилангизда рассомлар борми?
–Менинг бобом рассомликка қизиққан. Бир умр мактаб директори бўлган. Лекин нафақага чиққан кунлари уйида устахона яратиб, рассомчилик билан шуғулланган. Ҳатто буёқлари, мўйқаламлари менда қолиб кетган. Мен 6 ёшда бўлганимда бобом вафот этган. Эсимда, устахонага кирганимда ўзимни худди эртаклар оламига кириб қолгандек ҳис қилардим. Ҳар ҳил рангдаги бўёқлар, картиналар мени қизиқтирган. Оиламизда бошқа рассом бўлган эмас.
–Қизиқарли ва мазмунли суҳбат учун ташакккур!
Мунира РАМАЗОНОВА,
Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, журналист ва санъатшунос