
Таиланднинг Пхитсанулок провинциясида давом этаётган велоспортнинг шоссе йўналиши бўйича Осиё чемпионати доирасида ёш қизлар ўртасидаги индивидуал вақт пойгаси ташкил этилди.
Унда Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Самира Исмоилова энг яхши натижани қайд этиб, олтин медалга эга чиқди. Шуни таъкидлаб ўтишимиз лозимки, Осиё чемпионатида ҳозирга келиб велоспортчиларимизнинг медаллари сони 9 та олтин, 4 та кумуш ва 2 та бронзага етди.

Ушбу муваффақиятлар мамлакатимизда барча спорт турлари каби велоспортга қаратилаётган улкан эътибор натижасидир. Айниқса, давлатимиз томонидан спорт соҳасида олиб борилаётган тўғри сиёсат ва улкан ғамхўрликлар велоспортни аҳоли ўртасида янада оммалашишига ҳизмат қилмоқда.
Президентимизнинг 2021 йил 24 сентаябрдаги «Велоспортни ривожлантиришга доир комплекс чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори ушбу соҳа ривожига муҳим дастуриламал бўлаётир.

Жумладан, ўзбекистонлик велоспортчилар 2024 йилда илк бор Олимпиадада энг кўп - тўрт йўлланмани қўлга киритган бўлса, “Tour de Franse”, “Giro dʼItalia” каби дунёдаги энг нуфузли пойгаларда юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилди. Умид қиламизки, жорий йилда ҳам бу каби муваффақиятлар бардавом бўлади.
Дарвоқе, Таиландда ўтаётган Осиё чемпионати олдидан ўтказилган Осиё велоспорт конфедерацияси конгрессида юртимиз спорти учун яна бир тарихий воқелик рўй берди.
Ўзбекистон велоспорт федерацияси раисининг биринчи ўринбосари Козим Ўринбойхўжаев Осиё велоспорт конфедерациясининг Бош котиби этиб сайланди.
Эътиборлиси, бу Ўзбекистон велоспортида тарихий ўрин тутади. Боиси, К.Ўринбойхўжаев Осиё велоспорт конфедерацияси масъул лавозимига сайланган илк ўзбекистонлик бўлди.

Бу муваффақиятлар ва ўзбек велоспорти мутахассисларининг дунёда эътироф этилиши бежиз эмас.
Мазкур тарихий муваффақиятлар замирида Ўзбекистон велоспорт федерацияси ва Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева томонидан тизимли ишлар олиб борилаётгани, федерациянинг минтақавий бўлинмалари фаолияти тубдан ўзгартирилгани ва мураббий, спортчи, мазкур спорт турига оид барча ходимлар учун керакли шароитлар яратилингани ётибди.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА