
Самарқанд давлат университетида анъанавий “Ректор кубоги” спорт мусобақалари бошланди. Мазкур беллашувлар футбол, волейбол, кураш каби оммабоп спорт турларини ўз ичига олган.
Тадбирда Самарқанд давлат университети ректори, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби, Олий Мажлис Сенати аъзоси Рустам Холмуродов, Самарқанд вилоят ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Ҳусан Тўхтаевлар иштирок этди.
Мусобақалар бошланишидан аввал ташкил этилган бадиий чиқишлар томошабинларга байрамона кайфият бағишлади. Бадиий гимнастика, футбол, волейбол, баскетбол, қўл тўпи ва кураш спорт турлари бўйича чиқишлар иштирокчилар ва меҳмонларда катта таассурот қолдирди. Спортчиларнинг жисмоний салоҳияти, ҳаракатларидаги уйғунлиги барчага кўтаринки руҳ улашди.