СамДУ волейболчи қизлари – Универсиада ўйинлари ғолиби
Самарқандда ўтказилган CAVA Men’s and Women’s Unversiade Games-2026 мусобақаси якунланди.
Марказий Осиё волейбол ассоциацияси ташаббуси билан ташкил этилган мусобақанинг эркаклар баҳсида саккиз жамоа, аёллар баҳсида эса олти жамоа ғолиблик учун беллашди.
Эркаклар ўртасидаги Универсиада ўйинлари финалида Самарқанд давлат педагогика институти жамоаси Туркманистон волейболчиларига қарши майдонга чиқди. Муросасиз кечган баҳсда туркманистонлик волейболчилар 3-1 ҳисобида зафар қучишди. Учинчи ўринни Қашқадарё вилоятининг Халқаро инновацион университети қўлга киритди.
[gallery-28744]
Аёллар баҳси финалида Самарқанд давлат университети жамоаси Бухоро давлат университети қизларига қарши майдонга тушди. Бу учрашувда мезбонлар 3-0 ҳисобида ғалаба қозониб, Универсиада ўйинлари чемпиони бўлди. Учинчи ўрин учун кечган баҳсда туркманистонлик қизлар Қозоғистоннинг Тараз жамоасини мағлуб этиб, учинчи поғонадан жой олди.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат),
ЎзА мухбирлари