
Хабарингиз бор, пойтахтимизда самбо бўйича Осиё-Океания чемпионати ўтказилмоқда. Мусобақанинг илк кунида эркаклар ва аёллар ўртасида учтадан вазн тоифаларида самбо, шунингдек жанговар самбо йўналишида баҳслар бўлиб ўтди.
Шунингдек, заиф кўрувчилар ва кўзи ожизлар ўртасидаги беллашувларда ҳам ғолиб ва совриндорлар аниқланди.

Қувонарлиси, мазкур йўналишларда мамлакатимиз шарафини ҳимоя қилган самбочиларимиз 14 та олтин, 5 та кумуш ва 6 та бронза жами 25 та медалга эга чиқди.
Бугун Осиё-Океания чемпионатида 16 та медаллар жамланмаси ўз эгаларини топади. Шунингдек, соат 16:00 да мусобақанинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтади. Сўнгра соат 17:00да финал беллашувларига старт берилади.

Мусобақа доирасида Осиё-Океания уюшмасининг навбатдаги Конгресси бўлиб ўтди. Конгрессда ташкилот президенти Аламжон Муллаев, Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси бош котиби Ойбек Қосимов, Ўзбекистон самбо ассоциацияси раиси Алишер Алимов, Халқаро самбо федерацияси расмийлари, Осиё-Океания самбо уюшмасига аъзо мамлакатлар делегатлари иштирок этди.

Конгресс давомида бир қатор ташкилий масалалар кўриб чиқилди. Шу жумладан, ташкилотга янги президент сайлаш масаласи ҳам кун тартибидан ўрин олди.

Қувонарлиси, ҳамюртимиз Аламжон Муллаев бир овоздан янги муддатга ташкилот президенти этиб сайланган бўлса, Ўзбекистон самбо ассоциацияси раиси Алишер Алимов эса Марказий Осиё минтақаси бўйича вице-президент лавозимига тайинланди.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА