Ватанимиз тарихидаги 11 январь санаси билан боғлиқ айрим воқеалар баёни.
1411 йил (бундан 614 йил олдин) – Мирзо Улуғбекнинг оталиғи амир Шоҳмалик қачонлардир Амир Темур қўшинида ўзига сафдош бўлган, кейинчалик темурийларга қарши исён кўтарган Шайх Нуриддинга қарши жангга чиқди. Иккала лашкар Сирдарённнг ўнг тарафида, Ясси ёнида жойлашган йирик ўрта аср шаҳри Сабронда бир-бирига юзланди, лекин жанг бўлмади. Музокара пайтида Шайх Нуриддин ҳийла билан ўлдирилди ва боши олинди. Улуғбекнинг хавфли душмани фаолиятига шу алфозда нуқта қўйилди.
Маълумот ўрнида қайд этиш жоизки, Амир Темур ва Шоҳрух салтанатида хизмат қилган донгдор амир Шоҳмаликни Соҳибқирон ёшлигидан тарбиялаган, унга ҳарбий салоҳиятни ўргатган эди. У Соҳибқироннинг кўплаб юришларида жасорат кўрсатган. Амир Темур Ўтрор шаҳрида вафот этган пайтда Шоҳмалик унинг ёнида бўлган ва охирги васиятларини бевосита эшитган. Соҳибқироннинг жасади жойлашган тобут, оиласи, невараларини Ўтрордан Самарқандга олиб келишда бош бўлган.
Амирзода Шоҳрух 1409 йилда маркази Самарқанд бўлган Мовароуннаҳрни тўла ўз ихтиёрига олгач, уни ўн беш ёшли ўғли Улуғбекка суюрғол қилди ва Улуғбек ҳали ёш бўлгани сабабли, мамлакат ишларини бошқариб туришга Шоҳмаликни мутасадди қилиб қолдирди. Мазкур тадбирдан Улуғбекнинг кўнглига малоллик келганини билган Шоҳрух бироз вақтдан сўнг, 1411 йилда Шоҳмаликни Хуросонга чақириб олди.
Шайх Нуриддин ҳақида сўз юритадиган бўлсак, Темурнинг энг кўзга кўринган амирларидан бири ва Шоҳмаликнинг жанговар сафдоши бўлмиш Шайх Нуриддин Шоҳрух ва Улуғбекнинг ҳокимлигини тан олмайди. Ўша пайт у Сирдарёда бўлиб, бу ердан мўғуллар билан биргаликда Улуғбекка қарши кураш олиб боради. Шоҳмалик у билан курашда бир неча бор мағлубиятга учрайди. Ҳақиқий катта жанглар 1411 йили юз беради. Шоҳмалик найранг ишлатиб Шайх Нуриддинни қатл қилишга муяссар бўлади.
1915 йил (бундан 110 йил олдин) – ҳозирги Ўзбек Миллий академик драма театрида Абдулла Авлоний озарбайжон тилидан ўзбек тилига таржима қилган «Бадбахт келин» асари саҳналаштирилди.
1918 йил (бундан 107 йил олдин) – “Улуғ Туркистон” газетасида Ҳамзанинг “Туркистон мухториятина” деган шеъри босилиб чиқди. Қирқ беш мисрадан иборат бу шеър мухаммас шаклида ёзилган бўлиб, ҳар бандининг сўнгида “Қутлуғ бўлсин Туркистон мухторияти!” деган хитоб нақорат тарзида такрорланиб келади.
Ўзбекистон Қаҳрамони Озод Шарафиддиновнинг қайд этишича, шеърнинг бирон жойида совет ҳукумати ёки большевиклар партияси ҳақида гап йўқ. Аксинча, Туркистон мухторияти “кўнгилларни дилшод” қилгани, энди “вайроналар обод бўлиши”, “Темурдек шоҳлар арвоҳи” турк ўғлини курашга чорлаётгани кўтаринки рухда айтилади ва Туркистон халқлари бир байроқ остида бирлашишга даъват этилади.
1921 йил (бундан 104 йил олдин) – Бухоро республикаси Кобулга Бухородаги жадидчилик ҳаракатининг таниқли намояндаси, давлат арбоби ва дипломат, асли андижонлик Абдураҳим Юсуфзода раҳбарлигида элчилар жўнатди. У 1921–1922 йилларда Бухоро республикасининг Афғонистондаги элчиси сифатида фаолият юритди.
1923 йил (бундан 102 йил олдин) – Туркистон республикаси Маориф халқ комиссарлиги қошида Бош вақф бошқармаси ва унинг бўлимлари ташкил этилди. Уларнинг тепасида давлатдан маош оладиган руҳоний шахслар қўйилиб, уларга вақфларни сақлаш, кенгайтириш ва ҳатто янги вақфлар ташкил этиш ҳуқуқи берилди.
Маълумот ўрнида қайд этиш жоизки, 1923 йилда Мунаввар қори Абдурашидхонов Бош вақф бошқармасининг аъзолигига сайланган эди. Бу вазифани ҳам сидқидилдан бажарган Мунавварқори вақф бошқармасининг асосий эътибори асосан маориф ва маданият ишларига қаратилганини ўзининг “Бош вақф идорасининг бир йиллик ҳисоби”да аниқ кўрсатиб ўтган эди.
Унда кўрсатилишича, “бош вақф идораси ўзининг таъминоти учун маҳаллий шўъбаларнинг умумий даромадидан “10 фоиз” олиб, қолган “90 фоизини маҳаллаларнинг ўзида маориф ва маданият ишларига сарф бўладир”. Вакф идорасининг 1923 йилдаги бутун даромади 6 миллион 529 минг 652 сўмни ташкил этган эди.
1924 йил (бундан 101 йил олдин) – Ўрта Осиё Тижорат банки таъсис этилди.
Бу банк айрим ҳужжатларда қисқача қилиб Осиё банки деб ҳам юритилади.
1943 йил (бундан 82 йил олдин) – физик олим, Ўзбекистон Фанлар академияси академиги Толиб Мўминов таваллуд топди (вафоти 2021 йил). У 1992–1995 йилларда Самарқанд давлат университети ректори лавозимида фаолият кўрсатган.
1996 йил (бундан 29 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Парижда «Темурийлар даврида фан, маданият ва таълимнинг равнақи» ҳафталигини ўтказиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
1999 йил (бундан 26 йил олдин) – Парижда француз ва инглиз тилларида нашр этилган “Самарқанднинг мовий олтини” (“L'or Bleu de Samarkand”, “The Blue Gold of Samarkand”) китобининг Самарқанддаги тақдимоти бўлиб ўтди. Китоб муаллифи – Париж шаҳридаги Темурийлар тарихи ва маданиятини ўрганиш ассоциациясининг президенти Фредерик Брессан хоним.
“Самарқанднинг мовий олтини” асари олиманинг шахсий маблағи ҳисобига 1998 йил нашр этилган. Мазкур безакли альбом ҳозирги кунда жуда ноёб библиографик манба ҳисобланади. Ушбу китоб XIV аср Соҳибқирони ва буюк салтанат бунёдкори Амир Темурнинг санъат асарлари жойлашган қуёшли ўлка, ҳусну малоҳатга бой, гарчи афсонавий туюлса-да, бироқ ҳақиқий жозибага эга қадимий ва навқирон Ўзбекистон диёридаги Самарқанднинг меъморий ёдгорликларига бағишланган.
Китоб саҳифаларидан жой олган мовий гумбазлар, тиллакор ганжлар ва заррин ранглар жилосига бой фотосуратлар диққатни тортади.
2021 йил (бундан 4 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Олис ҳудудлардаги бюджет ташкилотларига малакали мутахассисларни жалб қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
2023 йил (бундан 2 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “«Ургут» эркин иқтисодий зонасининг ҳудудини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”, “«Ғиждувон» эркин иқтисодий зонасининг ҳудудини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорлари қабул қилинди.
Алишер ЭГАМБЕРДИЕВ тайёрлади