Самарқандда тиббиёт ходимлари куни муносабати билан тантанали тадбир бўлиб ўтди.
Вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов соҳа ходимларини ва фахрийларини табриклади.
- Сизларнинг одамлар саломатлигини муҳофаза қилишга қаратилган заҳматли фаолиятингиз ҳақида ҳар қанча гапирсак, эътироф этсак оз,-- деди Э. Турдимов.-- Ҳеч бир инсон йўқки, ҳаёти давомида сизларнинг кўмагингизга эҳтиёж сезмаган бўлса. Аввало, одамларга меҳрингиз, касбга садоқатингиз билан шифокор деган улуғ номга муносиб бўлиб халқимизга хизмат қилиб келяпсиз.
[gallery-20284]
Тадбирда байрам арафасида Президент фармонига мувофиқ юксак давлат мукофотлари билан тақдирланган тўрт нафар самарқандлик тиббиёт ходимига орден ва медаллар тантанали топширилди.
-- Эллик йилдан ортиқ вақтдан буён шу соҳа ичида юрган инсон сифатида айтишим мумкинки, кейинги етти йилда мамлакатимиз тиббиётида бир неча ўн йилликларга тенг ислоҳотлар амалга оширилди,--дейди Самарқанд давлат тиббиёт университетининг болалар хирургияси кафедраси профессори, «Дўстлик» ордени соҳиби Азамат Шамсиев.-- Нафақат халқимиз, балки тиббиёт ходимлари ҳам орзу қилган имконият, шароитлар яратилди. Илгари бизнинг юртдошларимиз даволаниш учун хорижга борарди, бугун чет элликлар келиб бизнинг тиббий хизматдан фойдаланмоқда. Бу ислоҳотлар натижасидир.
Шунингдек, тадбирда бир гуруҳ соҳа вакилларига “Соғлиқни сақлаш аълочиси”, “Халқ саломатлиги посбони” кўкрак нишони ва соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда вилоят ҳокимлигининг ташаккурнома ва фахрий ёрлиқлари, эсдалик совғалари топширилди.
Ғ. Ҳасанов, А. Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари