Самарқанддаги йиғин минтақавий дипломатия учун қандай аҳамиятга эга?
Ўн йил муқаддам Самарқандда асос солинган “C5+1” мулоқот механизми бугун сиёсий-дипломатик муносабатлар билан бир қаторда, инвестиция, энергетика, транспорт-логистика, муҳим минераллар ва замонавий технологиялар соҳаларида амалий ҳамкорликни ривожлантиришга хизмат қилмоқда.
Қайд этиш жоизки, АҚШ Давлат котиби Марко Рубионинг Самарқандга ташрифи ҳамда “C5+1” форматидаги ташқи ишлар вазирлари учрашуви Ўзбекистон – АҚШ муносабатларини янада мустаҳкамлаш, минтақавий шерикликни янги мазмун билан бойитиш ва истиқболли иқтисодий ташаббусларни илгари суриш нуқтаи назаридан муҳим воқеадир.
ЎзА мухбири мазкур ташрифнинг сиёсий-иқтисодий аҳамияти, “C5+1” форматининг тараққиёти, Ўзбекистон – Қўшма Штатлар стратегик шериклигининг истиқболлари ҳамда минтақавий ҳамкорликнинг янги имкониятлари хусусида Марказий Осиё халқаро институти бўлим бошлиғи Азамат Тошев фикрларини ёзиб олди.

– Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг очиқ, тинчликсевар ва ташаббускор ташқи сиёсати натижасида Янги Ўзбекистон, айниқса, Самарқанд шаҳри жаҳон сиёсий харитасининг муҳим марказига айланди.
Самарқандда “С5+1” форматида Марказий Осиё давлатлари ташқи ишлар вазирлари ва АҚШ Давлат котибининг учрашуви, Ўзбекистон–АҚШ кенгайтирилган стратегик шериклик мулоқотининг биринчи йиғилиши ҳамда Америка – Ўзбекистон ишбилармонлик ва инвестиция кенгаши йиғилиши ўтказилиши бунинг амалий ифодасидир.
Таъкидлаш керакки, “С5+1” формати ўлкамиз учун алоҳида аҳамиятга эга. Бунда Тошкент нафақат фаол иштирокчи, балки формат доирасидаги кўплаб йўналишларнинг модераторига ҳам айланди. Айнан 2015 йилда Самарқандда АҚШ билан биринчи “С5+1” учрашуви бўлиб ўтди, бу мулоқотнинг институционал бошланиши бўлди.
Сўнгги ўн йил ичида “С5+1” формати маслаҳат платформасидан энергетика, савдо, атроф-муҳит муҳофазаси, хавфсизлик ва транспорт ўзаро боғлиқлиги соҳаларида амалий ҳамкорликнинг самарали воситаси сифатида минтақа давлатларининг АҚШ билан муносабатлардаги позицияларини мувофиқлаштириш имконини берадиган институтга айланди.
2023 йил 19 сентябрь куни бўлиб ўтган “С5+1” формати сифат жиҳатидан янги босқичга - давлат раҳбарлари даражасига ўтиш бўлди. Нью-Йоркда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 78-сессияси доирасида АҚШ ва Марказий Осиё мамлакатлари лидерларининг саммити бўлиб ўтди. Бу форматга стратегик аҳамият берган бурилиш нуқтаси бўлди.
Етакчиларнинг Америка маъмурияти билан узоқ муддатли кун тартибини биргаликда муҳокама қилишга тайёрлиги минтақа давлатлари ушбу шерикликка қанчалик катта аҳамият қаратаётганидан далолат беради. Сиёсий мулоқот аниқ иқтисодий мазмун билан ҳам бойимоқда: авиация, муҳим минераллар ва бошқа соҳаларда келишувларга эришилди, «B5+1» платформаси орқали бизнеснинг тўғридан тўғри ҳамкорлиги ривожланмоқда. 2025 йилнинг ноябрь ойида Марказий Осиё давлат раҳбарлари иштирокида биринчи марта Оқ уйда “C5+1” саммити бўлиб ўтганлиги бунга яққол мисолдир.
Учрашувда томонлар бутун минтақа тараққиёти учун стратегик аҳамиятга эга бўлган устувор йўналишлар - савдо ва инвестициявий фаолликни кучайтириш, лойиҳа асосидаги ҳамкорликни илгари суриш, минтақавий транспорт йўлакларини ривожлантириш, “яшил” кун тартибини илгари суриш, инсон ҳуқуқлари ва гендер тенгликни таъминлаш, таълим дастурларини кенгайтириш ва Афғонистондаги вазиятни тинч йўл билан ҳал этиш жараёнини қўллаб-қувватлашни ўз ичига олган ҳамкорликнинг қўшма кун тартибини ишлаб чиқдилар.
Қўшма Штатлар учун “С5+1” формати стратегик транзит аҳамиятга эга ва салмоқли энергетика салоҳиятига эга бўлган минтақа билан ҳамкорлик қилиш учун ишончли асосга айланди. Марказий Осиё мамлакатлари учун бу ўз ташаббусларини илгари суриш, суверенитетни мустаҳкамлаш ва ташқи сиёсий алоқаларни диверсификация қилиш механизмидир.
2023 йил ноябрь ойида АҚШ ва Марказий Осиё тадбиркорлари ўртасида тўғридан-тўғри мулоқотни илгари суриш мақсадида “В5+1” бизнес платформаси ишга туширилди, 2024 йил февраль ойида эса “Муҳим минераллар мулоқоти” ташкил этилди. Ушбу механизм замонавий ишлаб чиқариш ва “яшил” технологиялар учун зарур бўлган стратегик хомашё ва нодир ер элементларини қидириш ва қайта ишлаш билан боғлиқ масалаларни ҳал қилади.
АҚШ-Ўзбекистон Ишбилармонлик ва инвестиция кенгаши фаолияти йўлга қўйилганлиги, АҚШ Халқаро тараққиёт молия корпорацияси (DFC) ва АҚШ Экспорт-импорт банки (EXIM) билан биргаликда 100 нафардан ортиқ америкалик йирик сармоядорларнинг V Тошкент халқаро инвестиция форумидаги иштироки ҳамкорликни мустаҳкамлашда амалий қадам бўлди.
Бу қадамлар ҳамкорликнинг иқтисодий асосини мустаҳкамлаш, минтақага янги инвестициялар ва илғор технологияларни жалб қилиш учун қўшимча имкониятлар яратиб, янада амалий ҳамкорликка ўтишни акс эттиради.
Бугунги кунда Америка вакиллари билан эришилган келишувлардан амалий инвестиция лойиҳаларига ўтиш муҳим ҳисобланади.
Шу боис сиёсий қизиқиш, тижорий келишувлар ва ҳақиқатда киритилган капитални бир-биридан фарқлаш муҳим. Дастлабки икки йўналиш сезиларли даражада фаоллашди: қўшма инвестиция платформаси ишга туширилди, саноат ва инфратузилма лойиҳаларини молиялаштириш бўйича келишувларга эришилди, Америка – Ўзбекистон ишбилармонлик ва инвестиция кенгаши ривожланмоқда.
Америка – Ўзбекистон ишбилармонлик ва инвестиция кенгаши йиғилишида иштирок этиш учун АҚШ давлат котиби Марко Рубио раҳбарлигида Америка бизнесининг 300 га яқин вакилларидан иборат делегациянинг Самарқандга ташрифи учрашувларнинг жуда муҳимлигини кўрсатмоқда.
Ўзбекистон учун “С5+1”да иштирок этиш нафақат ташқи сиёсий мувозанат элементи, балки иқтисодий ва институционал барқарорликни ошириш воситасидир. Мамлакат хомашёни қайта ишлаш, “яшил” энергия ишлаб чиқариш ва сув ресурсларини ривожлантириш бўйича ўз лойиҳаларини форматнинг устувор йўналишларига мослаштиришга, шу орқали молиялаштириш, технологиялар ва янги бозорларга киришни таъминлашга интилмоқда.
Диёримиз минтақавий ташаббусларнинг мувофиқлаштирувчиси сифатида барқарор ривожланишнинг прагматик кун тартибини илгари сурмоқда ва Марказий Осиёнинг ривожланаётган архитектурасида асосий ҳамкор сифатидаги мақомини яна бир бор тасдиқламоқда.
Минтақамиз давлатларининг АҚШ билан энергетика, транспорт боғлиқлиги, муҳим минераллар ва замонавий ишлаб чиқаришга Америка технологиялари, молиявий воситалари ва инвестицияларни жалб этиш ва ташқи бозорларга чиқишни таъминлаш масалаларида ҳамкорлиги стратегик аҳамиятга эга.
Муҳим минераллар бўйича “C5+1” форматидаги мулоқот 2024 йилда бошланган бўлиб, Ўзбекистон ва АҚШ мазкур соҳада илк икки томонлама меморандумни имзолади. Жорий йилда мамлакатларимиз муҳим минераллар ва ноёб ер элементларини қазиб олиш ҳамда қайта ишлаш соҳасида ҳамкорлик тўғрисида янги меморандумга эришди.
Яқинда Авазадаги учрашувда Ўзбекистон етакчиси томонидан илгари сурилган Муҳим минераллар бўйича минтақавий альянс тузиш ташаббуси минтақа даражасида ҳамкорлик механизмларини мустаҳкамлайди.
Айниқса, юртимизнинг Муҳим минераллар захираларининг ягона рақамли харитасини яратиш ташаббуси минтақа ресурслари ҳақидаги маълумотларни тизимлаштириш, саноат кооперациясининг истиқболли йўналишлари ҳамда инфратузилмага бўлган эҳтиёжларни аниқлаш имконини беради.
Умуман олганда, “C5+1” формати ўн йил ичида мулоқот форумидан аниқ лойиҳаларни амалга оширишнинг барқарор механизмига айланди, дейиш мумкин. У минтақада тинчлик, хавфсизлик ва фаровонликни мустаҳкамлашга қаратилган келишилган қарорлар қабул қилиш майдонига айланди. Самарқанддаги йиғин эса ўзаро ишончни янада мустаҳкамлаш, сиёсий мулоқотни амалий ҳамкорлик билан бойитиш ҳамда янги истиқболли ташаббусларни илгари суриш учун муҳим имкониятдир. Энг муҳими, мазкур формат Марказий Осиёнинг халқаро майдондаги ўрнини мустаҳкамлаш ва минтақанинг барқарор тараққиётига хизмат қиладиган узоқ муддатли шерикликни ривожлантиришга замин яратади.
Ўткир АЛИМОВ,
ЎзА