Самарқанддаги марафонда уч минг нафар иштирокчи югурди
Самарқандда “Samarkand Marathon” анъанавий халқаро хайрия марафони бўлиб ўтди.
Марафонда 40 га яқин давлатдан уч минг нафардан зиёд иштирокчи 2, 5, 10, 21 ва 42 километр масофани босиб ўтди.

2 километрга ўтказилган пойгада эркаклар орасида Элдор Ботиров, аёллардан Милана Котлярова маррага биринчи бўлиб етиб келди.

5 километр масофадаги баҳсларда андижонлик Дилмурод Хўжамов, аёллар орасида пасдарғомлик Шоҳсанам Йўлдошева биринчи ўринни эгаллади.
10 километр масофага югуришда россиялик спортчилар Искандар Ядгаров ва Анастасия Слепнева финишга биринчи бўлиб етиб келди.

21 километр масофага ўтказилган пойгада ҳам россиялик Ринас Аҳмадеев биринчи ўринни эгаллаган бўлса, аёллар баҳсида қирғизистонлик Айнуска Қалил қизи ғолиб бўлди.
42 километр масофадаги баҳсларда ҳамюртимиз Бахтиёр Ўткиров ҳамда россиялик Елена Толстйк биринчи ўринни эгаллади.

Марафонда турли ёш тоифасида ва имконияти чекланганлар ўртасида ҳам ғолиблар аниқланди.

Ғолибларга пул мукофотлари ва эсдалик совғалари топширилди.
Ғ. Ҳасанов, А. Исроилов (сурат), ЎзА мухбири