Самарқанддаги 282 масжидда ҳайит намози ўқилди
Давлатимиз раҳбарининг қарорига кўра, бугун Қурбон ҳайитининг биринчи куни юртимизда байрам сифатида кенг нишонланмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси кўрсатмасига асосан, жоме масжидларида ҳайит намози ибодатлари адо этилди. Жумладан, Самарқанд вилоятидаги 282 та масжидда ҳайит намози ўқилиши режалаштирилиб, уларда намозхонлар учун зарур шарт-шароит яратилди.


Самарқанд шаҳридаги "Намозгоҳ" масжидида ҳайит намозида Самарқанд вилояти ҳокими Э.Турдимов иштирок этиб, вилоят аҳлини Қурбон ҳайити билан табриклади.


Байрам арафасида ҳокимликлар, саховатпеша кишилар томонидан маҳаллалардаги эҳтиёжманд оилалар, ёлғиз кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар ва беморлар ҳолидан хабар олиниб, уларга мурувват ёрдамлари кўрсатилди. Бу хайрли юмушлар бугун ҳам давом этади.
Ғ. Ҳасанов, А. Исроилов (сурат), ЎзА