Самарқандда ёш лидерлар клуби ташкил этилади
Бу ҳақда Самарқандда бўлиб турган Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги раҳбарининг биринчи ўринбосари О.Ҳасанов агентлик Самарқанд ҳудудий филиали ходимлари билан учрашув чоғида маълум қилди.
Учрашувда давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлисга Мурожаатномасида қайд этилган вазифалар ва устувор йўналишлардан келиб чиқиб, амалга оширилиши керак бўлган масалаларга эътибор қаратилди. Вилоятда давлат хизмати ходимлари билим ва малакасини ошириш, вакант лавозимларга энг муносиб номзодларни саралашда филиал олдида турган вазифалар ҳақида сўз юритилди. Самарқанд вилоятида мавжуд ўрта бўғин давлат фуқаролик хизматчиларининг малакасини ошириш бўйича алоҳида режа-жадвал ишлаб чиқиб, амалиётга жорий этиш, кадрлар хизмати раҳбарлари рейтинг кўрсаткичларини ишлаб чиқиш зарурлиги қайд этилди.
Шунингдек, “Самарқанд: келажак лидерлари” мавзусида 21-30 ёшли давлат фуқаролик хизматчилари билан очиқ мулоқот ташкил этиш ва келгусида “Келажак лидерлари” номли ёш лидерлар клуби фаолиятини йўлга қўйиш белгиланди. Ушбу мавзуда 12 январь куни Самарқанд ёшлар марказида очиқ мулоқот ўтказиладиган бўлди.
О.Ҳасанов Булунғур туманида маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари билан, Жомбой туманида эса ёшлар вакиллари билан очиқ мулоқотлар ўтказди.
Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА