Самарқандда яна бир халқаро форум ўтказилади
2026 йил 20-21 апрель кунлари Самарқанд шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги наркотиклар ва ўқотар қуролларни назорат қилиш агентлиги томонидан БМТ Наркотиклар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси билан ҳамкорликда “Трансмиллий наркотаҳдидларга қарши курашиш: саломатлик, хавфсизлик ва барқарор ривожланиш” мавзусида глобал форум ўтказилади.
Форумни ўтказишдан кўзланган мақсад:
- наркотикларнинг ноқонуний айланмасига қарши курашиш самарадорлигини ошириш;
- илғор халқаро тажрибани тизимли ўрганиш ва амалиётга жорий этиш;
- замонавий наркотаҳдидларга қарши комплекс ёндашувларни ишлаб чиқиш;
- гиёҳвандликка қарши курашда давлатлараро ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашдан иборат.
Тадбирда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Интерпол, Европа Иттифоқи, Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, Жаҳон божхона ташкилоти ва бошқа 20 дан ортиқ нуфузли халқаро ташкилот, 50 га яқин давлатдан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар раҳбарлари, 500 га яқин халқаро экспертлар ва соҳа мутахассислари иштирок этиши кутилмоқда.
Форум давомида:
- наркотик воситалар ноқонуний айланмасининг глобал ва минтақавий тенденциялари;
- ёшлар ва вояга етмаганлар ўртасида профилактика тизимини такомиллаштириш;
- даволаш, реабилитация ва ижтимоий реинтеграция жараёнларини ривожлантириш;
- рақамли технологиялар ҳамда сунъий интеллектдан самарали фойдаланиш масалалари муҳокама қилинади.
Ташкилотчиларнинг қайд этишича, мазкур форум халқаро ва минтақавий даражада самарали ҳамкорлик механизмларини кенгайтириш, наркотаҳдидларга қарши курашишда ягона ёндашувларни шакллантириш, Ўзбекистон Республикасининг халқаро майдондаги нуфузини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА