Самарқандда туризмни янада ривожлантириш белгиланди
Бутунжаҳон туризм куни муносабати билан Самарқанд вилоят туризмни ривожлантириш жамоатчилик кенгашининг навбатдаги йиғилиши ўтказилди.
Йиғилишда вилоятда туризмни ривожлантириш, янги йўналишлар ташкил этиш, маҳаллий ҳамда хорижий сайёҳлар сонини кўпайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Дастлаб вилоят туризм бошқармаси бошлиғи ўринбосари Жўрабек Суюнов жорий йилнинг ўтган даврида соҳада амалга оширилган ишлар ҳақида маълумот берди.
Таъкидланишича, йилнинг 8 ойида вилоятга 2,2 миллион хорижий, 4,3 миллион маҳаллий сайёҳ ташриф буюрган ва ўтган йилнинг шу даврига нисбатан ўсиш 140 фоизни ташкил этган. Туризм хизматлари экспорти эса 441,1 миллион долларга етказилган.

Ўтган даврда вилоятда 194 та жойлаштириш воситаси, жумладан, 13 та меҳмонхона, 37 та хостел, 144 та оилавий меҳмон уйи фаолияти йўлга қўйилиб, жойлаштириш воситалари сони 821 тага, ўринлар сони эса 22 минг 680 тага етган. Шунингдек, жорий йилда 63 та туркомпания фаолияти йўлга қўйилиб, уларнинг умумий сони 451 та бўлди.
Йиғилишда вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Адиз Бобоев туризм инфратузилмасини такомиллаштириш, замонавий хизматлар кўламини кенгайтириш ва бу борадаги муаммоларга тезкор ечим топиш, шунингдек, янги лойиҳалар орқали ҳудуднинг сайёҳлик салоҳиятини тўлиқ ишга солиш бўйича фикрларини билдириб, мутахассисларнинг таклифларини сўради.

Тадбир давомида вилоятда туризмни ривожлантириш, бу борада халқаро тажрибалардан фойдаланиш, Самарқанд рамзини яратиш ва соҳага стартап лойиҳаларни жорий қилиш юзасидан тақдимотлар қилинди.
Тадбир якунида Бутунжаҳон туризм куни муносабати билан соҳа вакилларидан бир гуруҳига вилоят ҳокимлигининг ташаккурномалари топширилди.

Ғ. Ҳасанов, А. Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари