Самарқандда сектор раҳбарлари футболда баҳслашди
Аҳоли ўртасида спортнинг оммавийлигини ошириш ва шу орқали соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш бугунги кундаги муҳим вазифалардан бири. Бу – кўп гапирилаётган фикр. Амалда-чи? Айтаётганлар, тарғибот олиб бораётганларнинг ўзлари бунга амал қилишяптими?
Айнан шунинг учун Самарқанд вилояти ҳокимлиги томонидан вилоят, туман ва шаҳар секторлар жамоалари ўртасида мини футбол бўйича “Вилоят ҳокими кубоги” мусобақалари ташкил этилди.
Мусобақа низоми жорий йилнинг август ойида тасдиқланди ва сентябрь-октябрь ойларида вилоят ҳамда 16 туман, шаҳар секторлар раҳбарлари бошчилигидаги жамоалар ўзаро мусобақалашди.

Шу ўринда бир мулоҳаза. Аввалари бундай пайтда ҳокимлар ва бошқа раҳбарларнинг бош қашишга ҳам вақти бўлмасди, ҳамма пахта йиғим-терими билан шуғулланарди. Ана ҳоким ва раҳбарлар фермер ёки теримчи бошига бориб турмасдан ҳам пахтани йиғиштириб олса бўларканку. Маълумот учун, 15 октябрь ҳолатида Самарқанд вилоятида фермер хўжаликлари ва кластер корхоналари ўртасида тузилган шартнома асосида етиштирилиши керак бўлган 265 минг тонна пахтанинг 256 минг тоннаси, яъни қарийб 97 фоизи йиғиштириб олинибди.

Футболга қайтамиз. Хуллас, раҳбарларнинг спорт билан қай даражада шуғулланаётгани ўйинлар давомида яққол намоён бўлиб борди.
Ниҳоят финалда вилоят сектор раҳбарлари ва Тойлоқ тумани секторлари масъуллари куч синашадиган бўлди. Жамоалар Самарқанд шаҳридаги футбол майдонида жам бўлди.
Учинчи ўрин учун эса Ургут ва Иштихон туманлари жамоалари майдонга тушди. Муросасиз кечган баҳсда Иштихон тумани сектор раҳбарлари ургутлик ҳамкасблари устидан 2:0 ҳисобида ғалаба қозонди.

Самарқанд вилояти ва Тойлоқ тумани сектор раҳбарлари учрашувида эса вилоят етакчиларининг қўли баланд келди – 4:1.
Шу тариқа вилоят сектор раҳбарлари жамоаси Самарқанд вилояти ҳокимининг кубогини қўлга киритди. Албатта, жамоаларга мусобақа низомига кўра, таъсис этилган совғалар ҳам топширилди. Шунингдек, катта мусобақалардаги каби “Энг сермаҳсул ҳужумчи”, “Энг яхши дарвозабон”, “Энг яхши ҳимоячи” номинациялари бўйича ҳам ғолиблар тақдирланди.


Жамоаларга кубок ва медалларни топшириш чоғида вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов бундай мусобақалар мунтазам ўтказилишини, ўз навбатида туман, шаҳарларда ҳам давлат хизматчилари ва раҳбарлар ўртасида шу каби спорт тадбирларини кўпайтириш лозимлигини таъкидлади. Вилоят спорти масъулларининг айтишича, энди секторлар жамоалари ўртасида волейбол бўйича мусобақа ўтказилар экан.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири.