Самарқандда сайловолди ташвиқоти давом этмоқда
Марказий сайлов комиссиясининг шу йил 17 сентябрдаги қарорига кўра, 20 сентябрдан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларнинг сайловолди ташвиқоти бошланди.
Шу кунларда юртимизда Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар, уларнинг ишончли вакиллари ва сиёсий партиялар томонидан сайловолди ташвиқоти олиб борилмоқда. Бу жараён Сайлов кодекси ҳамда Марказий сайлов комиссиясининг 2021 йил 14 апрелдаги қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларнинг сайловолди ташвиқотини олиб бориш тартиби тўғрисидаги низом асосида амалга оширилмоқда.
Сайлов кодексига кўра, сайловолда ташвиқоти турли шакл ва усулларда олиб борилиши мумкин. Яъни
- сиёсий партиянинг дастури ва (ёки) сайловолди платформаси тўғрисидаги ахборотни ўзининг депутатликка номзодларини ёқлаб овоз беришга даъват этган ҳолда тарқатиш;
Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзоднинг дастури ва (ёки) сайловолди платформаси тўғрисидаги ахборотни номзодни ёқлаб овоз беришга даъват этган ҳолда тарқатиш;
номзод тўғрисидаги ахборотни уни ёқлаб овоз беришга даъват этган ҳолда тарқатиш.
Ташвиқот омма олдида очиқ мунозаралар, баҳслар, матбуот конференциялари, фуқароларнинг йиғилишлари, интервьюлар, оммавий ахборот воситаларида чиқишлар, роликларни жойлаштириш шаклида олиб борилиши мумкин.
Шунингдек, бу жараёнда оммавий ахборот воситалари, телекоммуникация тармоқлари, шунингдек Интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланиш, босма, кўргазмали, аудиовизуал ва бошқа ташвиқот материалларини (плакатлар, варақалар ва бошқа материалларни) чиқариш ҳамда тарқатиш имконияти мавжуд.
Сайловчилар билан учрашувлар ўтказиш ҳам ташвиқотнинг кенг тарқалган усули ҳисобланади.
Сайловчилар билан учрашувлар Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар, сиёсий партиялар томонидан мустақил равишда ўтказилади. Сайловчилар билан учрашувларни ўтказиш жойи ва вақти ҳақида округ ёки участка комиссиясига маълум қилинади.
Сайловчилар билан учрашувлар каби оммавий тадбирлар уларнинг ўтказилиш жойи ва вақти ҳақида тегишли туман (шаҳар) ҳокимликлари камида уч кун олдин ёзма равишда хабардор қилинган ҳолда ўтказилади. Бунда ушбу оммавий тадбирларни ўтказиш учун рухсатнома талаб қилинмайди.
Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, жамоат бирлашмалари, шунингдек фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари учрашувлар ўтказиш учун жиҳозланган хоналарни бепул ажратиши, зарур маълумот ва ахборот материалларини олишда ёрдам кўрсатиши шарт.
Номзод ёки унинг ишончли вакили бошқа номзод ёки унинг ишончли вакили билан биргаликда сайловчилар билан учрашувлар ўтказишга ёхуд бошқа номзод томонидан ташкил этилган сайловчилар билан учрашувларда иштирок этишга ҳақли.
Шу пайтгача Самарқанд вилоятида “Миллий тикланиш” демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод А.Қодиров сайловчилар билан учрашув ўтказди. Бошқа партиялардан кўрсатилган номзодларнинг учрашувларига ҳам партиялар қизғин ҳозирлик кўрмоқда. Шунингдек, ишончли вакиллар ҳам номзод сайловолди дастури юзасидан ташвиқот ишларига киришмоқда.
Вилоятдаги босма оммавий ахборот воситалари ва телерадиоканалларда Марказий сайлов комиссиясининг қарори билан белгиланган тартибда ажратилган бепул босма майдони ва эфир вақтидан номзодлар ва уларни кўрсатган сиёсий партиялар фойдаланишни бошлади.
Отабек ТОШНИЁЗОВ,
7-Самарқанд округ сайлов комиссияси раиси ўринбосари
ЎзА