Самарқандда саккизинчи марказ иш бошлади
Самарқанд туманида “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази фойдаланишга топширилди.
Жорий йилдан юртимиздаги барча туман ва шаҳарларда Президент ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари фаолияти йўлга қўйилди.

Самарқанд вилоятида ҳам бугунги кунда Пахтачи, Нарпай, Оқдарё, Пайариқ, Жомбой, Иштихон туманлари ва Каттақўрғон шаҳрида марказлар учун алоҳида бино ажратилиб, аҳолига ижтимоий хизматлар кўрсатилмоқда.
Самарқанд туманидаги марказда аҳолининг ижтимоий муҳофазаси билан боғлиқ 26 турдаги хизматни кўрсатиш учун барча имконият яратилди.

– Бугунги кунда туманимизда 95 нафар якка-ёлғиз кекса ва ногиронлиги бўлган шахс бор, – дейди Самарқанд туман “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази директори Улуғбек Мамадиёров. – Уларга марказ томонидан бириктирилган 10 нафар ижтимоий ходим ассистенти режа- жадвал асосида хизматлар кўрсатиб келмоқда. 2 нафар ёлғиз яшовчи кексанинг қариндошлари билан муносабатлари тикланди. Шу кунларда 9 нафар фуқарога 19 турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари ва гигиена воситалари ўрнига базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида моддий ёрдам, 86 нафарига коммунал тўловлар учун компенсация тўловлари тўланмоқда. Бундан ташқари, 29 нафар фуқарога саломатлигини тиклаши учун сиҳатгоҳларга йўлланмалар берилди.
Янги бинонинг очилиш маросимида Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг вилоят бошқармаси, туман ҳокимлиги ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этиб, марказ фаолияти билан яқиндан танишди.

Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари