Самарқандда одам ДНКси экспертизаси ўтказилмоқда
Хадича Сулаймонова номидаги суд экспертиза марказининг Самарқанд вилоят бўлимида жорий йилнинг июль ойида одам ДНКси суд биологик экспертизаси ҳамда материаллар, ашёлар ва буюмлар криминалистик экспертизаси лабораториялари очилиши билан ушбу янги хизматларни кўрсатиш йўлга қўйилди.
– Шу пайтгача одам ДНКси суд биологик экспертизаси лабораторияси фақатгина марказда мавжудлиги сабабли суд, тергов органлари томонидан бундай экспертизалар фақат Тошкент шаҳридаги марказий лабораторияга тайинланар эди, – дейди Хадича Сулаймонова номидаги суд экспертиза марказининг Самарқанд вилоят бўлими давлат суд эксперти Абдулазиз Мардиев.
– Эндиликда Самарқандда ҳам лаборатория ташкил этилгач, шу турдаги экспертизалар ўтказилмоқда. Бу ерда одам биологик материаллари устида ҳар томонлама ва тўлиқ тадқиқотлар ўтказилиб, унинг натижалари бўйича мутахассислар томонидан хулосалар берилмоқда. Ўтган икки ой давомида лабораторияда жиноят ва фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан 20 та, прокуратура томонидан 1 та, ички ишлар идоралари томонидан 15 та экспертиза тайинланган.

Бундан ташқари, лабораторияда фуқароларнинг истагига кўра, тўловлар амалга оширилган ҳолда одам ДНКси суд биологик экспертизаси ҳам ўтказилиши мумкин.
Юртдошларимиз бу имкониятдан ҳам фойдаланмоқда. Лаборатория фаолият бошлаганидан буён фуқароларнинг мурожаати асосида бешта шундай экспертиза амалга оширилди. Мазкур хизматдан фойдаланмоқчи бўлган юртдошларимиз учун “Мутахассис фикри” ва “Аноним мурожаат” хизмат турлари йўлга қўйилган.

Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА