Самарқандда мурожаатлар 9 фоизга камайди, лекин...
Самарқанд вилояти ҳокими А.Бобоев иштирокида аҳоли мурожаатлари, уларда кўтарилган муаммоларни ҳал этиш борасида амалга оширилаётган ишларга бағишланган брифинг ўтказилди.
А.Бобоев давлатимиз раҳбарининг жорий йил 13 март куни аҳоли мурожаатлари билан ишлаш тизимини янги даражага кўтариш ва жамоатчилик фикрини чуқур таҳлил қилиш юзасидан ўтказган видеоселектор йиғилишида берган топшириқлари ҳамда “Аҳоли билан мулоқот тизимини самарали ташкил қилиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони асосида йўлга қўйилган янги тизим ўз самарасини бераётганини қайд этди.
– Вилоятимизда ҳам аҳоли мурожаатлари билан ишлаш тизимини янгича ташкил этиш бўйича штаб тузилди ҳамда тегишли идоралардан 29 нафар масъул бириктирилди, – деди вилоят ҳокими. – Барча туман ва шаҳарларда аҳоли мурожаатларини таҳлил қилиш ва манзилли ҳал этиш йўлга қўйилиб, ойма-ой амалга ошириладиган ҳаракатлар режалари ишлаб чиқилди. Ҳокимлар, бошқарма ва идоралар раҳбарларининг Халқ қабулхоналарида ва жойларда сайёр қабуллар ўтказиш вақтлари белгиланиб, бундан аҳоли хабардор қилинди. Натижада аҳоли томонидан бевосита мазкур қабулларда раҳбарларга мурожаат қилиниб, кўп масалалар жойида ҳал этилмоқда. Маълумотларга кўра, жорий йил 27 июнь кунига қадар Виртуал ва Халқ қабулхоналарига самарқандликлардан 39,2 мингта мурожаат тушган ва бу рақам ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 9 фоизга камайган. Ушбу мурожаатларнинг 40 фоиздан ортиғи ижобий ҳал этилган. Ҳудудлар кесимида энг кўп мурожаат Самарқанд шаҳри (6168 та), Пастдарғом (4328 та), Ургут (3689 та), Пайариқ (2920 та), Каттақўрғон (2687 та), Нарпай (2616 та), Пахтачи (2575 та) ва Иштихон (2511 та) туманларидан тушган. Мурожаатларда моддий ёрдам ва нафақа ажратиш, кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш, электр ва газ таъминоти, бандлик ва ишга жойлаштириш, қурилиш, алимент ва қарз ундириш, ички йўлларни таъмирлаш, ички ишлар, банк тизимига доир масалалар кўп учрамоқда.

Брифингда қайд этилишича, аҳоли муаммоларини ўз вақтида ўрганиш ҳамда уларни бартараф этиш бўйича айрим идора ва ташкилотлар, шаҳар ва туманлар раҳбарларининг сусткашликка йўл қўяётгани кузатилмоқда. Масалан, баъзи бошқарма ва идоралар, ҳокимликлар томонидан мурожаатлар ўз вақтида кўриб чиқилмаяпти, бюрократия ва сансалорликка йўл қўйилиб, муаммолар ҳал этилмаяпти. Оқибатда қуйи тизимда ҳал этилиши мумкин бўлган масалалар юқори идораларгача кўтарилмоқда, такрорий мурожаатлар кўпаймоқда.
Вилоят ҳокими мурожаатлар таҳлили ҳамда жойларда бу борадаги олиб борилаётган ишлардан келиб чиқиб, мурожаатлар билан ишлашда эътибор қаратилиши лозим бўлган чора-тадбирлар белгиланганини таъкидлади.
Хусусан, ҳар бир мурожаат ортида инсон тақдири турганини инобатга олган ҳолда, уларнинг ўз вақтида ва сифатли ҳал этилиши таъминланади. Такрорий мурожаатларнинг олдини олиш мақсадида тизимли муаммолар ечимига эътибор кучайтирилади. Раҳбарларнинг шахсий масъулияти оширилади ҳамда мурожаатлар билан ишлаш жараёнига замонавий ахборот технологиялари ва сунъий интеллект имкониятлари кенг жорий этилади.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири