Самарқандда МИБга мурожаатлар кўпайди
Мажбурий ижро бюроси Самарқанд вилояти бошқармаси тизимига ўтган йил 27186 та мурожаат келиб тушган ва 2021 йилга нисбатан 3139 тага ошган. Жумладан, мурожаатлар Нарпай туманида 394 тага, Пахтачида 268 тага, Қўшработда 133 тага, Булунғурда 127 тага кўпайган.
Мурожаатларнинг 15 минг 108 таси қаноатлантирилган, 10 минг 273 таси бўйича ҳуқуқий тушунтириш берилган ва 51 таси рад этилган.
– Мурожаатларнинг кўпаяётгани аҳолининг ҳуқуқий маданияти юксалаётгани, ижрога қаратилаётган ҳужжатлар сони ошаётгани билан боғлиқ, – дейди Мажбурий ижро бюроси Самарқанд вилояти бошқармаси катта инспектори Рустам Хўжақулов. – Тизимда эса фуқароларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш, уларнинг муаммоларини ҳал қилиш фаолиятимизнинг асосий устувор йўналиши сифатида белгиланган. Ўтган йил кўриб, ҳал этилган мурожаатларнинг 25 минг 249 таси суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро қилиш масалаларига доир. Хусусан, алимент ундирувларига оид мурожаатлар 19 минг 372 тани ташкил қилиб, 15 мингтаси қаноатлантирилган ва ундирувчилар фойдасига 67 миллиард 313 миллион сўм пул маблағлари ундириб берилди.
Хусусан, фуқаро Д.Г.нинг қарздор З.У.дан алимент пулини ололмаётгани юзасидан мурожаати ўрганилганда 22 миллион сўмдан ортиқ қарздорлик юзага келгани маълум бўлди. Натижада қарздорга нисбатан мажбурий ижро ҳаракатлари олиб борилиб, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47-(4)-моддасига асосан маъмурий иш қўзғатилди ва жиноят ишлари бўйича Ургут туман судининг қарорига асосан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди. Бундан ташқари, бюронинг вилоятдаги бошқарма ва бўлимларига 2022 йил давомида тадбиркорлик субъектларидан 984 та мурожаат келиб тушган ва уларнинг 725 таси ҳал қилинган, 388 таси қаноатлантирилиб, 337 таси юзасидан ҳуқуқий тушунтириш берилган. Ушбу мурожаатларни кўриб чиқиш натижасида 326 та тадбиркорлик субъектининг ҳуқуқлари тикланган.
Бундан ташқари, савдо-саноат палатаси вилоят бошқармасида ҳар ҳафта душанба куни вилоят ҳокими бошчилигида тадбиркорлик субъектлари учун ўтказиладиган қабулда ҳам МИБда тегишли мурожаатлар қайд этилиб, ижроси таъминланмоқда.
Ғ.ҲАСАНОВ,
ЎзА