Самарқандда Марказий Осиё ва АҚШ ўртасидаги ишонч кўприги янада мустаҳкамланмоқда
Дунё тажрибасига кўра, катта муваффақиятлар ҳамда халқаро ташаббуслар самарали мулоқотлардан бошланган. Бир стол атрофида ўтириб келишиб олиш ана шундай кучга эга.
Кичик бизнесда ҳамкорлик ишонч ва очиқ мулоқотга таянгани каби, бутун бошли минтақалар истиқболи ҳам дипломатик кўприклар орқали мустаҳкамланади. Бугун ана шундай улкан ҳамкорлик ва ишонч ришталари қадимий ҳамда ҳамиша навқирон Самарқанд заминида яна бир бор туташмоқда.
Самарқанд шаҳрида бугун – 19 октябрь куни Марказий Осиёнинг беш давлати ва Америка Қўшма Штатларини бирлаштирган “C5+1” форматидаги навбатдаги вазирлар учрашуви бўлиб ўтмоқда.
Ушбу нуфузли тадбирда Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов, Қозоғистон ташқи ишлар вазири Мухтор Тлеуберди, Қирғиз Республикаси ташқи ишлар вазири Жеенбек Кулубаев, Тожикистон ташқи ишлар вазири Сирожиддин Муҳриддин, Туркманистон Вазирлар Маҳкамаси раиси ўринбосари, ташқи ишлар вазири Рашид Мередов ҳамда АҚШ Давлат котиби Марко Рубио иштирок этмоқда.

Бугунги кунда ушбу формат кенг қамровли иқтисодий ва амалий лойиҳалар марказига айланиб улгурди. Эсласак, “C5+1” формати илк бор 2015 йил ноябрь ойида айнан Самарқандда ташқи сиёсат идоралари раҳбарларининг учрашуви билан ишга туширилган эди. Ўшанда қабул қилинган қўшма декларация минтақа мамлакатларининг суверенитети, мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлашга қаратилган муҳим пойдевор бўлганди.
Ундан кейинги йиллар давомида бу мулоқот географияси кенгайди. Вашингтон, Гамбург, Нью-Йорк ва Тошкент каби дунёнинг йирик шаҳарларини қамраб олди. Ҳатто пандемия каби синовли даврларда ҳам мулоқот тўхтаб қолмасдан, онлайн форматда муваффақиятли давом эттирилди.
Вақт ўтиши билан форматнинг кўлами ошиб, энг муҳим босқичга, яъни давлат раҳбарлари даражасига кўтарилди. Хусусан, 2023 йил сентябрда Нью-Йоркда ва 2025 йил ноябрда Вашингтонда “C5+1” етакчиларининг саммитлари ўтказилгани бунинг яққол исботидир.

Бугунги кунда умумий ҳамкорликнинг учта асосий устуни мавжуд. Улар иқтисодиёт, энергетика ва хавфсизликни қамраб олади. Савдо ва инвестицияларни кенгайтириш, энергетика хавфсизлиги, минерал хомашё салоҳиятидан оқилона фойдаланиш, терроризм ва экстремизмга қарши курашиш, шунингдек, киберхавфсизлик каби йўналишлар доимо диққат марказида турибди.
Шу билан бирга, ҳукуматлараро мулоқотни тўлдирувчи “B5+1” ишбилармонлик платформаси бизнес муҳитини яхшилаш ва аниқ тижорат лойиҳаларини илгари суришда муҳим кўприк вазифасини ўтамоқда.
Жорий йилда бу йўналишдаги ихтисослашган учрашувлар янада фаоллашди. Масалан, июнь ойида Остонада муҳим минераллар, сентябрь ойида эса сунъий интеллект масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, Ўзбекистон ташаббуси билан Вашингтон саммитида эришилган келишувларни ривожлантириш мақсадида 2026 йил 5 июнь куни Тошкентда маданият вазирлари даражасидаги илк учрашув ўтказилиб, маданий меросни сақлаш бўйича қўшма баёнотлар имзоланди.
Буларнинг барчаси шериклик кўлами ҳар томонлама кенгайганини англатади. Бу сиёсий ва иқтисодий масалалардан тортиб, маданий-гуманитар соҳаларни ҳам қамраб олаётганини кўрсатади.
Самарқанддаги ушбу навбатдаги учрашув кун тартибидан ҳам савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, узоқ муддатли инвестицияларни жалб этиш, саноат кооперацияси ҳамда транспорт, энергетика ва рақамли инфратузилмани ривожлантириш каби энг долзарб масалалар ўрин олган.
Ана шундай ҳар бир учрашув минтақа келажаги учун янги имкониятлар эшигини очади. Ҳаётда муваффақиятли кўприклар қуриш учун аввало бир-бирини чуқур тушуниб, биргаликда ҳаракат қилиш лозим. Шундай экан, “C5+1” формати ҳам Марказий Осиё ва Америка Қўшма Штатлари ўртасидаги ана шундай мустаҳкам ва ишончли ҳамкорлик ришталарини янги босқичга кўтаришда давом этмоқда.
Икром АВВАЛБОЕВ,
ЎзА мухбири