Самарқандда ичимлик суви таъминоти янги босқичга чиқмоқда
Самарқанд вилоятида ичимлик суви таъминотини яхшилашга қаратилган йирик инфратузилма лойиҳалари изчил амалга оширилмоқда. Халқаро молиявий институтлар билан ҳамкорликда олиб борилаётган бундай саъй-ҳаракатлар аҳолини тоза ичимлик суви билан барқарор таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Жаҳон банкининг Европа ва Марказий Осиё минтақаси бўйича вице-президенти Антонелла Бассани мамлакатимизга ташрифи доирасида Самарқанд вилоятида бўлиб, соҳада амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишди. Хусусан, у Каттақўрғон туманида жойлашган “Муртак” сув олиш иншоотини реконструкция қилиш жараёнларини кўздан кечирди.

Мазкур объект “Сув таъминоти хизматлари соҳасини ривожлантириш ва уни институционал қўллаб-қувватлаш” лойиҳаси доирасида модернизация қилинмоқда. Лойиҳа Жаҳон банкининг 239 миллион доллар ва Швейцария ҳукуматининг 7,8 миллион доллар миқдоридаги молиявий кўмаги асосида “Ўзсувтаъминот” акциядорлик жамияти томонидан амалга оширилмоқда. У Қорақалпоғистон Республикаси, Сирдарё ҳамда Самарқанд вилоятларида сув таъминотини яхшилашни назарда тутади.

“Муртак” сув олиш иншооти 11 та қудуқдан иборат бўлиб, унинг умумий қуввати кунига қарийб 67 минг куб метрни ташкил этади. Иншоотнинг барқарор ишлаши қарийб 90 минг аҳоли истиқомат қиладиган Каттақўрғон шаҳри ва тумани аҳолисини ичимлик суви билан таъминлашда муҳим ўрин тутади.
Ташриф чоғида Антонелла Бассани Каттақўрғон шаҳри ҳокими Гавҳар Алимова ва “Ўзсувтаъминот” АЖ бошқаруви раиси вазифасини бажарувчи Аҳмад Сувонқулов билан биргаликда сублойиҳанинг амалга оширилиш жараёнини муҳокама қилди. Унда маҳаллий аҳоли, соҳада меҳнат қилаётган мутахассислар ҳамда пудратчи ташкилотлар вакиллари иштирок этди.

Сублойиҳа доирасида 11 та қудуқ фаолиятини такомиллаштириш, насос станцияси қурилишини якунлаш, сувни тозалаш тизимини жорий этиш, қуёш электр станциясини барпо этиш, объектни тўлиқ электрлаштириш ва бошқарув жараёнларини автоматлаштириш каби қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Мазкур чора-тадбирлар иншоот самарадорлигини ошириш билан бирга, Самарқанд вилояти аҳолисининг тоза ичимлик сувидан фойдаланиш имкониятларини янада кенгайтиришга хизмат қилади. Лойиҳани 2026 йил сентябрь ойида якунлаш режалаштирилган.
Нилуфар Бозорова, ЎзА