Самарқанд вилоятининг олис ва чекка ҳудудлари ривожлантирилади
“Самарқанд вилояти ҳудудларини комплекс ривожлантириш ва аҳоли турмуш даражасини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарори қабул қилинди.
2026 йил 10 июнда қабул қилинган қарорга кўра, 2026 йил 1 августгача Оқдарё туманида 100 гектар ер майдонида мини-туганак экилиб, олинган 4 минг тонна супер-супер элита картошка уруғи белгиланган тартибда деҳқонларга бепул тарқатилади.
Булунғур туманида Хитой Халқ Республикасидаги ҳамкорлар билан биргаликда қиймати 50 млн. АҚШ долларига тенг бўлган йилига 100 минг бош ишлаб чиқариш қувватига эга наслчилик корхонаси ишга туширилади.
Оқдарё, Қўшработ ва Самарқанд туманларида нидерландиялик инвесторлар билан ҳамкорликда 20 млн. АҚШ доллари қийматидаги йиллик ишлаб чиқариш қуввати 800 минг дона наслли жўжа йўналишидаги корхона фаолияти йўлга қўйилади.
Пахтачи туманининг сув таъминоти оғир бўлган “Қиргули” МФЙ ҳудудидаги 28,6 гектар ер майдонида томчилатиб суғориш тизими асосида писта ва бодомзор плантацияси ташкил этилади.
Шунингдек, 2026 йил 1 июндан ҳар йилнинг июнь–август ойларида “Очиқ туризм мавсуми” дастури эълон қилинади ва унинг доирасида хорижий мамлакатлардан Ўзбекистонга янги рейсларни ташкил этган хорижий ва маҳаллий авиаташувчиларга харажатларнинг бир қисми Давлат бюджетидан қоплаб берилади ва ҳар бир жалб қилинган хорижий турист учун 100 АҚШ доллари миқдорида субсидия тўланади.
Шунингдек, Ўзбекистон резиденти бўлган туроператорлар томонидан салоҳиятли хорижий давлатлардан жалб қилинган ҳар 1 000 нафар хорижий турист учун уларга 5 минг АҚШ доллари миқдорида субсидия ажратилади. Туроператорлик ва меҳмонхона хизматлари бўйича ҚҚСнинг 50 фоизи кешбек тарзида қайтарилади. Ҳар бири ижтимоий тармоқларда 5 млн. нафардан ортиқ кузатувчига эга 50 нафар хорижий блогерга Ўзбекистонга келиши учун 7 кунлик бепул туристик дастурлар тақдим этилади.
Дунёдаги йирик онлайн сайёҳлик платформаларида Ўзбекистонга саёҳат тарғиботи билан боғлиқ харажатлар қоплаб берилади.
Шербек Исломов,
ЎзА