Президент Шавкат Мирзиёев раислигида Нарпай туманида Самарқанд вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалалари юзасидан йиғилиш бўлиб ўтди.
Давлатимиз раҳбари аввало йиғилганларни кириб келаётган муборак Рамазон ҳайити ва қутлуғ айём – Наврўзи олам билан чин қалбдан табриклади.
Самарқандга охирги ташрифдан кейин ўтган тўрт ой давомида мамлакатимиз ҳаётида катта ўзгаришлар рўй бергани таъкидланди.
Хусусан, шу ҳафтанинг ўзида Олмалиқ шаҳрида 3-мис бойитиш фабрикаси ишга туширилди, пойтахтимизда нафақат Ўзбекистон, балки бутун Марказий Осиёнинг маънавий хазинаси бўлган Ислом цивилизацияси маркази очилди. Эртага эса Пайариқ туманида буюк ҳадисшунос аждодимиз Имом Бухорий ёдгорлик мажмуасининг очилиш маросими ўтказилиши қайд этилди.
Давлатимиз раҳбари бугун Ватанимиз қудратини юксалтириш, ҳар бир оила ва ҳар бир инсон ҳаётини яхшилаш бўйича янада катта марралар олинганини, ҳудудларда амалга оширилаётган ишлар эса бунга мустаҳкам замин яратаётганини таъкидлади.

Шу билан бирга, бугунги талаб кечаги ёндашувлар билан чекланиб қолмасликни, эртанги кун вазифалари эса янада самарали ва қатъий ҳаракат қилишни талаб этиши кўрсатиб ўтилди.
Йиғилишда Самарқанд ишсизлик, камбағаллик, инвестиция ва экспорт каби барча йўналишларда намунавий вилоят бўлиши шартлиги қайд этилди.
Бунинг учун вилоят маҳаллалари инфратузилмасини яхшилашга 100 миллион доллар, Ургут туманига қўшимча 50 миллион доллар ажратилди. Умуман, вилоятга барча манбалар ҳисобидан 11 триллион сўм йўналтирилмоқда. Тадбиркорларга кредит ресурслари учун яна 18 триллион сўм берилаётгани таъкидланди.
Ушбу маблағлар, энг аввало, туманларда ишсизлик ва камбағалликни қисқартиришга, пировардида эса вилоят иқтисодиётини юксалтиришга хизмат қилиши шартлиги қайд этилди.
Йиғилишда туманларнинг саноат, сервис ва қишлоқ хўжалиги кўрсаткичлари, ер ости ва ер усти захиралари, меҳнат ресурслари, аҳолининг бизнес ва касбий кўникмаларини сунъий интеллект ёрдамида таҳлил қилиш, маҳаллалар имкониятларидан келиб чиқиб, ҳар бир туманнинг ички ривожланиш моделини яратиш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

Мазкур таҳлиллар асосида туман ҳокимлари, “маҳалла еттилиги” ва маҳалла банкирлари ресурсларни энг кўп иш ўрни яратадиган ва бюджет тушумларини оширадиган лойиҳаларга йўналтириши лозим.
Ушбу тизим 1 майга қадар Нарпай ва Термиз туманларида жорий қилиниб, бутун республика учун намуна сифатида татбиқ этилиши белгиланди.
Йиғилишда Самарқанд вилояти раҳбарияти олдида камида 9 фоиз иқтисодий ўсишни таъминлаб, ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажмини 144 триллион сўмдан ошириш, 3 миллиард доллар хорижий инвестиция жалб этиш ва экспортни 1,2 миллиард долларга етказиш вазифаси тургани қайд этилди.
Шунингдек, 100 минг аҳолини доимий иш билан таъминлаш, 31 минг оилани камбағалликдан чиқариш ва вилоятни ишсизлик ҳамда камбағалликдан холи ҳудудга айлантириш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.
Мавжуд имкониятлар ва ишга солинмаган салоҳият Нарпай, Қўшработ, Каттақўрғон, Пахтачи туманлари мисолида таҳлил қилинди.

Ушбу туманлар ва Каттақўрғон шаҳрининг вилоят саноатидаги жами улуши атиги 10 фоизни ташкил қилаётгани қайд этилди. Шу муносабат билан мазкур ҳудудларда саноатни ривожлантириш бўйича алоҳида дастур қабул қилиниб, 1 триллион 200 миллиард сўм ажратилади. Бу маблағнинг 800 миллиард сўми саноат лойиҳаларини зарур инфратузилма билан таъминлашга, қолган 400 миллиард сўми йўл, сув, электр таъминотини яхшилаш, сервис ва реновация лойиҳаларига йўналтирилади.
Мазкур маблағлар ҳисобидан Каттақўрғон шаҳридан 40 километр масофада жойлашган Ингичка шаҳарчасига саноат ва Янги Ўзбекистон қиёфаси кириб бориши, Каттақўрғон шаҳри марказидаги Нарпай канали устида 60 йил аввал қурилган кўприк ҳам реконструкция қилиниши белгиланди.
Жорий йил Самарқанд вилоятига 500 та электробус олиб келиш чораларини кўриш топширилди.
Умуман, Нарпай, Пахтачи, Пайариқ, Қўшработ, Иштихон, Каттақўрғон туманлари ва Каттақўрғон шаҳрида саноат ва сервисни ривожлантириш, ҳудудларга янгича қиёфа олиб кириш устувор вазифа сифатида белгилаб берилди.
Йиғилишда жаҳондаги нотинчликлар туфайли логистика занжирларининг узилиши, нефть нархи ва транспорт харажатларининг ошиб бораётгани озиқ-овқат нархларига таъсир қилиши табиий экани таъкидланди. Шу билан бирга, дунёда қарийб 100 миллион турист саёҳат учун тинч ва хавфсиз мамлакатларни қидираётгани қайд этилди.

Бундай шароитда озиқ-овқат маҳсулотларини кўпайтириш, туризм ва сервис соҳаларидаги мавжуд имкониятларни тўлиқ ишга солиш ҳокимларнинг энг асосий вазифаси бўлиши кераклиги кўрсатиб ўтилди.
Яйлов ерларини тўғридан-тўғри ижарага бериш муддати яна бир йилга узайтирилиши белгиланди. Вилоятнинг 4 та туманида жами 43 минг гектар майдонда жамоат яйловлари ташкил этилиб, маҳаллаларга 30 йилга бепул ижарага берилади. Яйловларда қудуқ қазиш, сув чиқариш, уруғ экиш ва деградациядан чиқариш харажатлари учун 50 миллиард сўм ажратилади.
Чорва наслчилигини ривожлантириш мақсадида лаборатория ускуналари ва наслли қорамол хариди учун 10 йилга 12 фоизли кредит ажратилади. Булунғур туманида 50 миллион долларлик гўшт йўналишидаги наслчилик корхонаси, Қўшработда эса 20 миллион долларлик тухум йўналишидаги наслчилик корхонаси ишга туширилади.
Жорий йил 1 майдан бошлаб балиқчилик хўжаликларига қуёш панелларини ўрнатиш учун 16 фоизли кредит ажратилади. Панелни ўз маблағи ҳисобидан ўрнатганларга эса харажатнинг 25 фоизи қоплаб берилади.
Картошка етиштириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, Мисрдан 250 минг дона картошка мини туганаги олиб келиниб, Булунғур туманида кўпайтириш бошланади. Голландиядан 6 минг тонна уруғлик картошка олиб келиниб, фермерларга устамасиз етказиб берилади.

Президентимиз туризм соҳасидаги вазифаларга ҳам алоҳида тўхталиб ўтди.
Халқаро туризм бозоридаги ноаниқлик шароитида Ўзбекистонни хавфсиз туристик йўналиш сифатида тарғиб қилиш бўйича катта кампания бошланиши қайд этилди. Бу жараёнда туризм учун энг қулай давр бўлган апрель-июнь ойлари учун алоҳида дастур тайёрланиб, “Ўзбекистонда очиқ туризм мавсуми” эълон қилинади.
Ушбу муддатда авиакомпанияларга янги рейслар йўлга қўйиб, олиб келинган ҳар бир хорижий сайёҳ учун 100 доллардан субсидия берилади. Бундай авиакомпанияларга аэропорт хизматлари учун 20 фоиз чегирма тақдим этилади.
1 апрелдан бошлаб туроператорларга уч ой мобайнида жалб қилинган ҳар 1 минг хорижий турист учун бюджетдан 5 минг долларгача субсидия берилади. Қўшилган қиймат солиғининг ярми “кэшбек” сифатида қайтарилади.
Ижтимоий тармоқларда 5 миллиондан ортиқ кузатувчиси бўлган 50 нафар хорижий блогерга Ўзбекистонга келиш учун етти кунлик бепул турпакет тақдим этилади.

Жорий йилнинг ўзида Самарқандда дунёга машҳур камида 5 нафар санъаткорнинг гастролини, шунингдек, 10 та бизнес-форум ва мода фестивалини ўтказиш муҳимлиги таъкидланди.
Шу билан бирга, Самарқандни аниқ ва табиий фанлар бўйича олимпиада, форум ва илмий конференциялар ўтказиладиган халқаро хабга айлантириш учун барча имкониятлар мавжудлиги қайд этилди.
Мавжуд салоҳиятдан самарали фойдаланиш ҳисобига Самарқандга йил якунига қадар 6 миллион сайёҳ олиб келиш мақсади белгилаб олинди.
Йиғилишда вилоят ва туман ҳокимлари, тармоқ раҳбарлари ҳамда бошқа мутасаддиларнинг ҳисоботлари тингланди, Самарқанд аҳли билан мулоқот қилинди.