Самарқанд вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Самарқанд вилоят ҳокимлиги ҳамда Олий Мажлис ҳузуридаги Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлш жамоат фонди томонидан Ўзбекистон Ногиронлар жамияти ҳамда “ВАҚФ” хайрия жамоат фонди вилоят бўлимлари ҳамкорлигида хайрия тадбири ўтказилди.

Ватанимиз мустақиллигининг 34 йиллиги муносабати билан ташкил этилган тадбирда фуқаролик жамияти институтлари, миллий маданий марказлар вакиллари, ногиронлиги бўлган шахслар ва нуронийлар қатнашди. Улар учун байрам дастурхони ёзилди ва 25 нафар эҳтиёжманд ёлғиз ва ногиронлиги бўлган шахсга озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда дори воситалари берилди.
***
Ургут тумани Бекравот маҳалласида 330 ўринли янги мактаб биноси қурилиб, фойдаланишга топширилди.

Республика инвестиция дастури асосида бунёд этилган мактаб 19 та синфхона, спорт зал ва бошқа қўшимча хоналардан иборат. Шу пайтгача ушбу маҳалла болалари бир неча километр олисдаги мактабга қатнаб ўқишга мажбур эди. Энди улар янги ўқув йилини ўз маҳалласидаги мактабда бошлайди.
***
Самарқанд шаҳри жамоат транспорти парки “СамАвто” заводида ишлаб чиқарилган янги автобуслар ҳисобига кенгайди.

“Севинч Транс Сервис” МЧЖ томонидан ISUZI русумли 8 та автобус лизинг асосида хариб қилиниб, йўналишларга чиқарилди. Янги автобуслар халқаро стандартларга жавоб берадиган тарзда жиҳозланган, иситиш-совитиш тизими, имконияти чекланган шахслар учун пандус ҳамда алоҳида жой мавжуд. Мобил қурилмаларни қувватлаш учун USB порти, автобуслар ҳаракатини кузатиб бориш учун GPS қурилмаси ҳам ўрнатилган.
Айни пайтда шаҳарда дунёнинг етакчи автозаводларида ишлаб чиқарилган 250 дан ортиқ автобус ва электробус аҳолига хизмат кўрсатмоқда.
***
Мустақиллик байрами арафасида Нуробод тумани тиббиёт бирлашмаси таркибида 30 ўринли реабилитация маркази очилди.

Марказ беморларнинг соғлиғини тиклаш ва уларни ижтимоий ҳаётга мослаштириш учун зарур тиббий жиҳоз ва ускуналар билан таъминланган.
***
Самарқандда “Мен қутқарувчиман” мусобақасининг республика босқичи ўтказилди.

“Долзарб 90 кун” доирасида ташкил этилган мусобақада маҳаллалар ёшлари фавқулодда вазиятларда қандай ҳаракат қилиш бўйича билим ва жисмоний имкониятларини намойиш этди.
Қизғин ва муросасиз курашлар билан кечган мусобақада биринчи ўринни Самарқанд вилояти ёшлари қўлга киритди. Кейинги совринли ўринлар Бухоро вилояти ва Қорақалпоғистон Республикаси ёшларига насиб этди
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири