Самарқанд вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Каттақўрғон сув омбори ҳудудида “Маданият эко туризм кластери” оилавий дам олиш маскани фойдаланишга топширилди.
Ташаббускор тадбиркор Сафар Эргашевнинг маълум қилишича, лойиҳа уч босқичда амалга оширилади. Дастлабки биринчи босқичда бу ерда 3 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ йўналтирилиб, 2 минг аҳолига хизмат кўрсатиш учун қулайлик ва имкониятлар яратилди. Кейинги босқичларда сув омбори бўйида беш юлдузли меҳмонхона ва санатория қуриш режалаштирилган.
Лойиҳани 2026 йилда тўлиқ амалга ошириш ва 15 минг нафар маҳаллий ва хорижлик сайёҳларга хизмат кўрсатиш имкониятини яратиш кўзда тутилган.

***
Самарқанд шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан нодавлат нотижорат ташкилоти вакиллари иштирокида ўтказилган йиғилишда давлатимиз раҳбарининг “Фуқаролик жамияти институтларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони мазмун-моҳияти, жорий йил учун режалаштирилган давлат грантлари ва ижтимоий буюртмалар хусусида сўз борди.
– Президентимизнинг фармонига кўра эндиликда давлат грантлари ва ижтимоий буюртмалар янгича тартибда ажратилади. Яъни илгари у ёки бу вилоятдаги фаол ННТлар такрор-такрор грант маблағлари ютиб олар, бошқа ҳудуддаги ННТлар эса етарлича фаолият олиб бормаётган эди, – дейди Олий Мажлис ҳузуридаги Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди раҳбари Отабек Ҳусанов. – Эндиликда грант танловлари ҳар бир ҳудуднинг муаммолари ўрганилган ҳолда, аниқ манзилли тарзда ўтказилади. Бу эса ҳудудлардаги ижтимоий муаммоларга ННТлар орқали ечим топишга хизмат қилади.

***
Вилоятда жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш, федерациялар фаолиятини жонлантириш, жорий йилда ўтказиладиган республика ва халқаро миқёсдаги мусобақаларга тайёргарлик кўриш масалаларига бағишланган йиғилишда тизимда олиб борилаётган ишлар танқидий таҳлил қилинди.
Спорт вазири А.Икромов ва вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи А.Бобоев иштирок этган йиғилишда йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш юзасидан мутасаддилар олдига аниқ вазифалар қўйилди. Йиғилишда ташкилий масалалар кўрилиб, Жасур Нурманов Самарқанд вилоят спорт бошқармаси бошлиғи, Қаюм Собиров Ўзбекистон Республикаси Миллий Олимпия қўмитасининг вилоят бўлинмаси ижрочи директори лавозимига тайинланди.

***
Қозоғистоннинг Остона шаҳрида пара дзюдо бўйича ўтказилган жаҳон чемпионатида аёллар ўртасида Ж1 классида (кўзи ожизлар) жаҳон чемпиони бўлган ўзбекистонлик биринчи кўзи ожиз пара дзюдочи Улжон Амриева Ургут туманида тантанали кутиб олинди.

Туман ҳокими Б.Жабборов Улжонойнинг спортдаги ютуқларини эътироф этди ва унга Ургутдаги янги қурилган кўп қаватли уйлардан бир хонадон калитини тантанали топширди.
Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА мухбири