Самарқанд вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA) мутахассисларидан иборат делегация Самарқандда бўлиб, Президент ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси Самарқанд ҳудудий филиали фаолияти билан танишди. Ҳамкорликда кадрлар тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш истиқболлари муҳокама қилинди.
– Давлат бошқарувида кадрларни ўқитиш ва малакасинини оширишда замонавий технологиялардан фойдаланиш мақсадга мувофиқ, – дейди КОIСА бош қароргоҳи бошқармаси бошлиғи ўринбосари Чой Хе Жеонг. – Бунинг учун, аввало, ҳудудлар доирасида маълум бир ўқув дастурларини ишлаб чиқиш ва шунга мос шароит яратиш керак. Бизда кадрларни ўқитиш рақамлаштирилган бўлиб, замонавий платформалар, сунъий интеллект орқали онлайн курслар ташкил этилган. Бу борадаги тажрибамизни мамлакатингизда ҳам жорий қилиш, лойиҳалар ишлаб чиқиш, соҳадаги муаммо ва камчиликларга ечим топиш борасида мутахассислар билан фикр алмашдик.

***
Хизмат сафари билан Хитойнинг Сиан шаҳрида бўлиб турган Самарқанд шаҳар ҳокими Фазлиддин Умаров бошчилигидаги делегация 5-Ғарбий рақамли иқтисодиёт кўргазмасининг очилишида иштирок этди.
Йигирмадан ортиқ шаҳарлар раҳбарлари иштирок этган кўргазмада Ф.Умаров Самарқанд шаҳри ва унинг иқтисодий салоҳияти, инвестиция муҳити ҳақида тақдимот ўтказди.

***
Самарқанд давлат университети Каттақўрғон филиалига Хитойдаги Нанкин политехника институти билан тузилган ҳамкорлик меморандумига кўра, 2025/2026-ўқув йилидан 2+2 асосида қўшма таълим дастури йўлга қўйилади. Филиалнинг кимё, биология ҳамда информатика ва ахборот технологиялари йўналишлари талабалари таълимнинг икки йилини Нанкин политехника институтида давом эттиради. Олий таълим муассасаларини муваффақиятли битирган талабалар университет ва институт дипломига эга бўлади.
Шунингдек, филиал профессор-ўқитувчилари ҳам Нанкинда малака ошади. Филиалда профессор-ўқитувчилар ҳамда талабалар учун хитой тили курслари ташкил қилинади.
Нанкин политехника институти профессорлари Ту Жие ҳамда Ху Жиучун Каттақўрғонда бўлиб, ҳамкорликда амалга ошириладиган ишларни филиал раҳбарлари билан муҳокама қилди.

***
Самарқандда ўтказилаётган “Ёшлар форуми-2024” тадбири доирасида шаҳардаги “Ишга марҳамат” мономарказида ёшлар иштирокида “Касблар танлови” ўтказилди.
Унда касб-ҳунарга ўқитиш марказлари, коллеж ва техникумлар ёшлари иштирок этиб, эгаллаётган мутахассислиги бўйича маҳоратини оширди.

Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири