Самарқанд вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
"Euronews" телеканали директорлар кенгаши раиси Педро Варгас Давид бошчилигидаги делегация Самарқандда бўлди.
Вилоят ҳокимлиги масъуллари, оммавий ахборот воситалари вакиллари билан учрашувда Самарқанднинг иқтисодий имкониятлари ва инвестицион жозибадорлиги, туристик салоҳиятини кенг тарғиб этишда телеканал билан ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.

"Euronews" раҳбарлари Самарқанддаги олий ўқув юртлари фаолияти билан танишди, тарихий-маданий ёдгорликларни томоша қилди.
***
Ургут туманининг чегараолди ҳудуди – Чеп маҳалласида фойдаланилмай турган 50 гектар ер майдони ўзлаштирилиб, “Яшил макон” умуммийлий лойиҳаси доирасида 30 минг туп мевали ва манзарали дарахт кўчатлари ўтқазилди.

Лойиҳа доирасида тумандаги аҳоли хонадонларида камида беш тупдан кўчат экиш ташаббуси ҳам амалга оширилмоқда.
***
Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университетида Жаҳон ҳайвонлар соғлиги ташкилоти (WOAH)нинг Марказий Осиё бўйича минтақавий директори Мереке Таитубаев ветеринария ва тиббиёт соҳаларининг глобал муаммолари юзасидан тақдимот ўтказди.

Университет профессор-ўқитувчилари ва талабалар билан мулоқот чоғида антибактериал препаратлардан фойдаланиш, ҳайвонлар касалликларининг олдини олиш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
***
Самарқанд вилоятидаги учинчи сектор раҳбари, вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи Раҳмат Маматов Ургут туманининг Мирзабоғлон маҳалласида бўлиб, “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури ижроси, маҳалла еттилиги фаолияти билан танишди. Аҳолининг муаммолари ўрганилди.

Жумладан, ичимлик суви таъминоти ва суюлтирилган газ баллони етказиб бериш билан боғлиқ муаммолар ечими юзасидан чора-тадбирлар белгиланди.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири