Самарқанд вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
“Ипак йўли” туризм ва маданий мерос халқаро университетида Самарқанд шаҳри ва Қозоғистоннинг Чимкент шаҳри туризм соҳаси вакиллари, туроператор ва тур агентлар икки шаҳарнинг туризм имкониятларини намойиш қилди.

Тадбирда икки мамлакат сайёҳлик компаниялари ўртасидаги ҳамкорлик истиқболлари ҳақида сўз юритилиб, сайёҳлик маҳсулоти ва брендларини ривожлантириш, меҳмонхона хизматидан фойдаланиш ҳамда туризм йўналишлари бўйича тажриба алмашилди ва ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
****
“Энг ёш маънавиятчи-2024” республика кўрик-танловининг вилоят босқичида маънавий-маърифий соҳада фаолият юритаётган 30 ёшгача бўлган ёшларнинг етакчилик, ташаббускорлик, ижодкорлик ва лидерлик қобилиятлари синовдан ўтказилди.

Танлов натижасига кўра, Самарқанд шаҳри вакили Бекзод Бурҳонов Самарқанднинг энг фаол ёш маънавиятчиси деб топилди ва танловнинг мамлакат босқичига йўлланма олди. Кейинги ўринлар оқдарёлик Юлдуз Худойбердиева ва ургутлик Хуршид Хурсандовга насиб этди.
****
Самарқанд вилояти ички ишлар бошқармасида Ички ишлар вазири ўринбосари генерал-майор Даврон Назармуҳаммедов иштирокида жорий йилнинг 6 ойи давомида ҳудудда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш, жамоат тартибини сақлаш, йўл-ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш борасида амалга оширилган ишлар таҳлилига бағишланган йиғилиш ўтказилди.

Жиноятчиликнинг айрим турлари ошган туман ва шаҳарлар раҳбарларига бу борада амалга оширилиши лозим бўлган тадбирлар хусусида кўрсатма ҳамда топшириқлар берилди. Коррупция ва тамагирликка йўл қўймаслик, хизмат интизоми ва қонунийликка риоя қилиш борасида қатъий талаб ва топшириқлар берилди.
****
Самарқанд вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан тизимдаги ижобий тажрибаларни ўрганиш ҳамда ўзаро тажриба алмашиш мақсадида ташкил этилган семинарнинг навбатдагиси Булунғур туманида ўтказилди.

Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси, Самарқанд давлат тиббиёт университети, вилоятдаги етакчи тиббиёт муассасалари, шунингдек туман, шаҳар тиббиёт бирлашмалари раҳбарлари иштирок этган семинар туманнинг Зарафшон маҳалласида жойлашган “Ипак йўли” оилавий шифокорлик пунктининг янги, замонавий қиёфадаги биносининг очилиш тадбири билан бошланди. Тадбир қатнашчилари туман тиббиёт бирлашмасига қарашли марказий шифохона фаолияти билан ҳам яқиндан танишди.
Ғ.ҲАСАНОВ,
ЎзА мухбири