Самарқанд вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун тест синовлари жорий йилнинг 14 июлидан бошланади. Самарқанд вилоятида 84 минг 255 нафар абитуриент тестда қатнашиш ҳуқуқига эга.
– Тест синовлари ўтказилиши учун Самарқанд шаҳрида 7 та катта сиғимли ёпиқ бинолар, асосан, спортзаллар танланиб, 3540 ўрин тайёрланди, – дейди билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги Самарқанд вилояти бўлими бошлиғи Воҳид Сирлибоев. – Бу масканларда абитуриентлар икки навбатда тест имтиҳонларида қатнашади. Тест синовлари ўтказиладиган барча заллар ҳаво ҳароратини мўътадил сақлаб турувчи юқори қувватли кондиционер қурилмалари билан жиҳозланган. Абитуриентлар учун ичимлик суви ва ручка захираси яратилган. Жараён адолатли ва шаффоф ўтишини таъминлаш мақсадида биноларда гуруҳ сонидан келиб чиққан ҳолда етарлича камера, идентификация ва видеофиксация қурилмалари ўрнатилди. Шунингдек, ота-оналар учун кутиш жойлари тайёрланиб, жараённи кузатиб бориш учун катта мониторлар қўйилди.
***
Самарқанд шаҳридаги Кўксарой маҳалласида “SOS Ўзбекистон Болалар маҳаллалари” уюшмаси томонидан ижтимоий марказ ташкил этилди.
– Марказнинг асосий вазифаси ҳудудда ижтимоий етимликка барҳам бериш ва эҳтиёжманд оилаларга кўмаклашиш, – дейди “SOS Ўзбекистон Болалар маҳаллалари” уюшмасининг Самарқанд филиали директори Дилрабо Давронова. – Бу борада “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази ва маҳалла фаоллари билан яқин ҳамкорликда иш олиб бормоқдамиз. Ҳозиргача 73 та маҳалла билан ҳамкорлик шартномаси тузилган. Уларга режа-график асосида бориб, муҳтожларга ижтимоий, психологик ва ҳуқуқий ёрдам берилмоқда.
***
Самарқанд давлат тиббиёт университети Ўзбекистон олий тиббий таълим муассасалари ичида биринчилардан бўлиб АҚШнинг Webster университети билан ҳамкорликда ҳамширалик иши йўналиши бўйича қўшма таълим дастурини амалга ошириш бўйича уч томонлама меморандум имзолади.
Унга кўра, 2024-2025 ўқув йилидан 3+1 шаклида ҳамширалик иши қўшма таълим дастури амалга оширилиб, Самарқанд давлат тиббиёт университети талабалари АҚШнинг нуфузли университетида таҳсил олиш ҳамда малакаси ошириш имконига эга бўлди.
Қўшма таълим дастурига қабул жараёнлари жорий йилнинг август ойида бошланади.
***
Самарқанд вилоятидаги 16 та оромгоҳда жорий йилга мавсумда 9600 нафардан ортиқ болажонларни соғломлаштириш ва дам олдириш кўзда тутилган.
Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси қошидаги болаларнинг дам олиши ва соғломлаштирилишини ташкил этиш департаменти Самарқанд вилояти бошқармаси бошлиғи Феруза Қиличеванинг таъкидлашича, бу йил департамент тасарруфидаги, Ургут туманида жойлашган “Чорчинор” ва Самарқанд туманидаги “Сафеди” ёзги дам олиш оромгоҳларида режадагидан ташқари бешинчи давра ташкил этилиб, 500 нафарга яқин болалар соғломлаштирилади.
Ғ.ҲАСАНОВ,
ЎзА мухбири