Самарқанд вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
“Кўча санъати ва мусиқаси” лойиҳаси
Вилоят ҳокимининг шу йил 3 январдаги қарорида “Кўча санъати ва мусиқаси" лойиҳаси амалга оширилиши белгиланди. Бунда кўчада чолғу асбоблари, рассомчилик ва ҳунармандчилик савдо расталари ташкил этилиши кўзда тутилган.
Шунингдек, қарорда ҳар чорак якунида 10 нафар фаол ижодкор маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан базавий ҳисоблаш миқдорининг камида 20 баравари миқдорида пул маблағи билан рағбатлантирилиши белгиланди.
Қўшработлик ёшлар Хитойда ўқийди
Қўшработ тумани ҳокимлиги ва Хитой Халқ Республикасининг Ҳебеи технология университети ўртасида эришилган келишувга кўра, университет бизнес бошқаруви, маркетинг, алоқа муҳандислиги, туризм ва бошқа шу каби ўнга яқин йўналиш бўйича қўшработлик ёшларни ўз ҳисобидан ўқитади.
Айни пайтда талабгорларни рўйхатга олиш бошланган. Улар февраль ойида хитойлик мутахассислар томонидан инглиз тилида суҳбатдан ўтказилади ва синовдан муваффақиятли ўтган 40 нафар ёш Хитойга жўнаб кетади. Дастлаб улар университет қошидаги хитой тилини ўргатиш курсларида таълим олади. Сентябрь ойида мутахассислик бўйича дарслар бошланади. Ўқиш 3 йил бакалавр ва 1 йил магистратура йўналишида, жами 4 йил давом этади.
Аскар оналари шарафланди
Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари кичик мутахассислар тайёрлаш марказида “Аскар оналарини шарафлаймиз!” шиори остида тадбир ўтказилди. Унда Самарқанд гарнизонида йигитлик бурчини ўтаётган қорақалпоғистонлик муддатли ҳарбий хизматчилар Нукус шаҳри билан онлайн боғланиб, оналари билан билан мулоқот қилди.
Видеомулоқот давомида оналар фарзандларини Ватан ҳимоячилари куни билан табриклади.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири