Самарқанд ва Навоийда “Искандар Зулқарнайн изларидан” номли халқаро марафон ўтказилади
Ҳозирги кунда мамлакатимизда спорт туризми жадал ривожланаётган йўналишлардан бирига айланган. Бу борадаги навбатдаги муҳим қадамлардан бири Самарқанд ва Навоий вилоятлари ҳудудини қамраб олувчи, тарихий мазмун билан йўғрилган йирик марафоннинг ташкил этилиши бўлади. 25 апрелдан старт оладиган ушбу 7 кунлик марафон иштирокчилардан нафақат жисмоний тайёргарлик, балки кучли ирода ва чидамлиликни талаб қилади.
Mарафон йўналиши Самарқанд вилоятининг Қўшработ тумани ҳамда Навоий вилоятининг Нурота ва Конимех туманларини қамраб олади. Ушбу туманлар ўзининг чўл, тоғ ва кенг текисликлари билан экологик туризм учун ғоят қулай. Иштирокчилар йўл давомида нафақат табиат манзаларидан баҳра оладилар, балки минтақадаги муқаддас қадамжолар ва қадимий обидалар билан танишиш имконига эга бўлади.
Марафоннинг “Искандар Зулқарнайн” деб номланиши ҳам бежиз эмас. Буюк саркарда Искандар Зулқарнайннинг Марказий Осиё бўйлаб юришлари айнан шу кенгликлар билан боғлиқ. Марафон номининг ўзиёқ хорижий сайёҳларнинг қизиқишини оширишга хизмат қилади.
“Искандар Зулқарнайн изларидан” халқаро марафони Ўзбекистоннинг спорт ва туризм чорраҳасидаги янги қиёфасини белгилаб беради. Марафон тарих, табиат ва инсон иродасини намоён этади. Бундай тадбирларнинг мунтазам ўтказилиши келажакда юртимизни жаҳон спорт туризми харитасидаги энг жозибадор нуқталардан бирига айлантириши шубҳасиз.
Дилдора ДЎСМАТОВА,
ЎзА