Хитой Коммунистик партияси марказий қўмитаси сиёсий бюроси аъзоси, Тяньцзинь шаҳри партия қўмитаси котиби Чэнь Миньэр бошчилигидаги делегация бугун Самарқандда бўлди.
Меҳмонларни Самарқанд темирйўл вокзалида вилоят ҳокими Э.Турдимов кутиб олди.
Э.Турдимов ва Чень Миньэр учрашувида Самарқанд вилояти ва Тяньцзинь шаҳри ўртасидаги савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни кенгайтириш бўйича фикр алмашилди.
[gallery-19137]
Самарқанд вилояти ҳокими ҳудуднинг иқтисодий салоҳияти, хорижий сармоядорлар учун яратилган имконият ва қулайликлар ҳақида маълумот берди. Хитой компаниялари билан ҳамкорликда амалга оширилаётган йирик лойиҳалар, қўшма корхоналар фаолияти ва келгусидаги режаларга эътибор қаратилди.
Томонлар электротехника, фармацевтика, туризм ва бошқа соҳаларда биргаликда лойиҳаларни амалга ошириш, икки ҳудуд тадбиркорлари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш юзасидан таклифларини билдирди. Шунингдек, Самарқанд ва Тяньцзинь замонавий саноат паркини ташкил этиш масаласи муҳокама этилди.
Учрашувда қайд этилган масалалар юзасидан амалий ишларга киришиш, қўшма бизнес форум ва тадбиркорлар учрашувларини ташкил этишга келишиб олинди.
Хитой делегацияси вилоятдаги ишлаб чиқариш корхоналари фаолияти билан ҳам танишди. Шаҳардаги тарихий-маданий ёдгорликларга саёҳат уюштирилди.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари