Самарқанд шаҳрига саёҳат уюштирилди
Сирдарё вилояти ИИБ бошлиғи, полковник Санжар Жабборовга бириктирилган 50 нафар ижтимоий муаммолари бўлган, алоҳида эътиборга муҳтож ёшларнинг муаммоларини ҳал этиш юзасидан ишлаб чиқилган йўл хаританинг тегишли бандини ижро этиш мақсадида, улуғ айём кунлари Сирдарё тумани "Илғор" маҳалласида яшовчи 18 нафар, Оқолтин туманидаги "Кўркам диёр" маҳалласида яшовчи 5 нафар, "Янги давр" маҳалласида яшовчи 5 нафар, "Навоий" маҳалласида яшовчи 5 нафар ҳамда Ширин шаҳрида яшовчи 7 нафар жами 40 нафар ёшлар вилоят ИИБ бошлиғининг ташаббуси билан уларда ватанга меҳр-муҳаббат уйғотиш ва ўлкамизда яшаб ўтган буюк аждодларимиз ҳақида кўпроқ маълумотга эга бўлиш мақсадида тарихий жойларга мазмунли саёҳат ташкил этилди.

Қизил тоифага киритилган 50 нафар ёшларга Самарқанд шаҳрининг тарихий обидалари, меъморий иншоотлари ва буюк бобокалонларимизнинг қўлга киритган улкан ютуқлари билан таништирилиб, кун давомида ёшларнинг вақтлари мазмунли ўтказилишига кўмаклашилди. Саёҳат давомида вилоят ички ишлар бошқармаси масъул ходимлари томонидан ёшларга кўнгилочар тадбирлар ва маърифий давра суҳбатлари олиб борилди.

Кўҳна ва ҳамиша навқирон Самарқанд шаҳрига уюштирилган саёҳат ёшларда унутилмас таассурот қолдирди.
Ш.Суяров, ЎзА