Самарқанд давлат университетининг фаол талабалари тақдирланди
Самарқанд давлат университетининг ўқишда ва жамоат ишларида фаол талабаларига университет ректори, профессор, Олий Мажлис Сенати аъзоси Рустам Холмуродовнинг моддий рағбатлантириш тўғрисидаги сертификатлари топширилди.
Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда ўқув даргоҳи проректори Аҳмаджон Солиев, ўқитувчилар ва талабалар иштирок этди.
– Ўқишда ҳар бир кунимиз эркин ижодий муҳитда, илмий изланишларда ўтади, – дейди кимё факультети талабаси Актамбек Омонов. – Университет томонидан ўтказиладиган барча лойиҳалар жиддий тайёргарлик асосида ўтади. Самарқанд давлат университети куни муносабати билан ташкил этилган тантанамизда Нобель мукофоти лауреати Азиз Санжар, Истанбул университети ректори Маҳмуд АК иштирок этди.
Бир қатор дарсларимизни хорижлик профессор-ўқитувчилар ўтади. Мана шундай шароитда ўқиётганимиздан хурсандмиз. Бундай имкониятларга жавобан биз талабалар янада фаол бўлишга ҳаракат қиламиз.
Нозимбек Мардонов, ЎзА