"Samarkand Open" I халқаро турнири якунланди
Самарқанд шаҳридаги муз саройида таэквондо WТ бўйича "Samarkand Open" I халқаро турнирида Россия, Финляндия, Баҳрайн, Беларусь, Озарбайжон, Тожикистон, Қозоғистон ва Қирғизистондан келган 1000 нафардан ортиқ таэквондочилар ўзаро рақобатлашди.
Мусобақанинг сўнгги кунида ўсмирлар ва катта ёш тоифасидаги баҳслар ўтказилди. Ўсмирлар ўртасидаги беллашувларда Мурод Нафасов, Дилмурод Маъруфжонов, Михаил Ли, Мирдиёр Мирайимов, Шоҳжаҳон Аҳмедов, Валерия Хегай, Раббония Русланова, Шаббона Абдувалиева каби таэквондочиларимиз шоҳсупага кўтарилди.

Катталар орасида эса Жаҳонгир Худойбердиев, Жавлон Ҳакимов, Шоҳжаҳон Каримбоев ва Тимур Нагимов, Гулшаной Исмоилова, Мунира Салаева, Афрўза Сатторова ҳамда Саодатбегим Алиева мамлакатимиз шарафини муносиб ҳимоя қилди.
– Бу каби мусобақалар биз спортчиларга ўз маҳоратимизни янада ошириш ва тажриба тўплашимизга кенг имконият беради, – дейди "Samarkand Open" I халқаро турнири кумуш медали соҳибаси Афрўза Сатторова. – Турнирда совриндор бўлганимдан хурсандман. Бу учун мураббийим Обид Абдураҳмоновга миннатдорлик билдираман. Осиё ва жаҳон чемпионатлари, Олимпиада ўйинларида ғолиб бўлишни ният қилдим ҳамда бу мақсадим йўлида барча машаққатлардан мардонавор ўтишга тайёрман.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА