Самарали меҳнат баракали ҳосил гаровидир
Қишлоқ хўжалигида етиштирилган ҳосилни ўз вақтида ва нобудгарчиликсиз йиғиб олиш мавсумнинг энг масъулиятли босқичларидан бири ҳисобланади. Айниқса, пахтачиликда терим техникасини мавсумга пухта тайёрлаш, далалардаги ҳосилни қисқа муддатларда йиғиб олиш ва агротехник тадбирларни самарали ташкил этиш якуний натижага бевосита таъсир кўрсатади.
Қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмоновнинг Тошкент вилоятига ишчи сафари давомида пахта ҳосилини йиғиб-териб олиш ишлари, замонавий агротехнологияларни қўллаш, юқори ҳосилдорликка эришиш омиллари ҳамда соҳада ёш мутахассисларнинг амалий кўникмаларини ошириш масалаларига эътибор қаратилди.
Ўрганишлар Пискент туманидаги “Искандаров Сардор тараққиёт” фермер хўжалигининг 32,1 гектар пахта майдонини кўздан кечиришдан бошланди. Бу ерда ҳосилни пахта териш машиналари ёрдамида йиғиб-териб олишга тайёргарлик ҳолати ўрганилди. Даладаги мавжуд ҳосилни қисқа муддатларда йиғиб олиш мақсадида терим техникаларини олдиндан тайёрлаш, улардан самарали фойдаланиш ва терим жараёнини узлуксиз ташкил этиш бўйича масъулларга аниқ топшириқ ва тавсиялар берилди.

Шундан сўнг Бўка туманидаги “Абдураҳмон Орзуси” ҳамда “Хуррам, Рустам” фермер хўжаликларига қарашли дала майдонлари кўздан кечирилди. Мазкур далаларда хориждан келтирилган пахта навлари замонавий агротехнологиялар асосида парваришланган. Ғўза қўшқатор усулида, 76х10 схемаси асосида экилган. Ўсимликнинг ривожланиш босқичларига мос равишда зарур агротехник тадбирлар ўз вақтида амалга оширилиб, дефолиация ва десикация жараёнларига ҳам алоҳида эътибор қаратилган.
Масъулларнинг таъкидлашича, жорий мавсумда ҳар икки даладан ҳам гектарига 100 центнердан кам бўлмаган ҳосил олиш мақсад қилинган. Теримнинг дастлабки жараёнини Иброҳим Абдураҳмоновнинг ўзи терим машинасини бошқарган ҳолда бошлаб берди.

Бу жараён пахтачиликда юқори натижага эришишда илмий ёндашув, илғор агротехнологиялар ва фермернинг масъулиятли меҳнати ўзаро уйғун бўлиши муҳимлигини кўрсатмоқда.
Бекобод ва Оққўрғон туманларидаги пахта далалари ҳам кўздан кечирилди. Жумладан, Ҳамид Олимжон ҳудудидаги “Абдуманноп Пиримқулов” фермер хўжалигининг пахта далаларидаги жараёнларда Тошкент давлат аграр университетининг “Янги агроном” клуби аъзолари билан мулоқот ўтказилди. Суҳбатда далада олиб борилаётган ишлар, ёш мутахассисларнинг амалий кўникмаларини ошириш ва соҳада замонавий ёндашувларни жорий этиш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, далаларни пластик ва бошқа чиқиндилардан тоза сақлаш, чиқиндиларни белгиланган жойларга йиғиш учун махсус саватчалар ташкил этиш ҳамда фермер хўжаликларида экологик маданиятни юксалтириш муҳимлиги таъкидланди. Ёш агрономларнинг назарий билимларини амалиёт билан уйғунлаштириш, ҳар бир агротехник тадбирни пухта ўзлаштирган ҳолда иш олиб бориш ва даладаги жараёнларга масъулият билан ёндашиш бўйича ҳам фикр алмашилди.

Механизаторлар билан мулоқотда эса техникалардан самарали фойдаланиш, иш унумдорлигини ошириш ва тажрибали мутахассислар билан бир қаторда ёш механизаторларни ҳам соҳага фаол жалб этиш масалаларига эътибор қаратилди.

Умуман олганда, Тошкент вилоятида пахта ҳосилини йиғиб-териб олиш мавсумини уюшқоқлик билан ўтказиш, мавжуд техникалардан самарали фойдаланиш, ҳосилни талафотсиз йиғиш ва агротехнологик талабларга қатъий риоя этишга устувор вазифа сифатида қаралмоқда.
Зеро, далалардаги тартиб, замонавий билим ва технологиялар, меҳнатга масъулиятли ёндашув ҳамда табиатга эҳтиёткор муносабат пахтачиликда самарадорликни таъминловчи муҳим омиллардан ҳисобланади.
А.Мусаев, ЎзА