Самарали бошқарувнинг юксак натижалари
Ўзбекистон Савдо-саноат палатасида бўлиб ўтган семинарда мамлакатимиз компанияларининг рақобатбардошлиги кўп жиҳатдан самарали корпоратив бошқарувга боғлиқ экани ҳақида сўз юритилди.
Ўзбекистон Савдо-саноат палатасида бўлиб ўтган семинарда мамлакатимиз компанияларининг рақобатбардошлиги кўп жиҳатдан самарали корпоратив бошқарувга боғлиқ экани ҳақида сўз юритилди.Тадбирда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси, давлат ташкилотлари, акциядорлик жамиятлари, корхоналар, консалтинг компаниялари ходимлари ва журналистлар иштирок этди.
Семинарда бугунги кунда Ўзбекистондаги деярли барча йирик корхоналар акциядорлик жамиятига айлантирилгани таъкидланди. Корпоратив бошқарув услублари жорий этилган компаниялар сафи кенгайиб, улар миллий иқтисодиётимизни ривожлантириш, янги иш ўринлари ташкил қилишда муҳим ўрин тутмоқда. Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг 2015 йил 24 апрелдаги «Акциядорлик жамиятларида замонавий корпоратив бошқарув услубларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони бу борадаги ишларни янада кенгайтиришда муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда.
Тадбирда бошқарувнинг турли ташкилий тузилмалари, акциядорлик жамиятларида лавозим мажбуриятларини тақсимлашнинг ўзига хос хусусиятлари ҳамда ходимларга қўйиладиган талаблар, лавозим йўриқномаларини тузиш масалалари муҳокама этилди.
– Ҳар қандай йирик компанияни ривожлантириш замонавий бошқарув услубларини жорий этишни талаб этади, – дейди «GM Uzbekistan» акциядорлик жамиятининг ходимларни бошқариш дирекцияси етакчи мутахассиси Карина Абдукаримбекова. – Шу боис акциядорлик жамиятимизда HR-менежмент принциплари кенг қўлланилмоқда. HR-менежмент ходимларимиз меҳнат фаолиятини оқилона ва янада самарали ташкил қилиш имконини бераётир.
Семинар иштирокчилари мутахассислардан ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.