Самарадорлик ва назорат кучаймоқда
Бугунги кунда барча соҳаларда бўлгани каби, энергетика тизимида ҳам рақамлаштириш жараёнлари изчил амалга оширилмоқда. Айниқса, аҳоли ва саноат корхоналарини узлуксиз табиий газ билан таъминлаш, тармоқлардан самарали фойдаланиш ва авария ҳолатларининг олдини олишда замонавий ахборот технологияларини жорий этиш муҳим аҳамият касб этмоқда.
Шу нуқтаи назардан, газ тармоқлари ва ундаги қурилмаларга хизмат кўрсатиш жараёнини рақамлаштиришга қаратилган янги тизим амалиётга татбиқ этилди. Хусусан, “Arc GIS Enterprise Advancyed” онлайн бошқарув дастури йўлга қўйилиб, табиий газ таъминоти объектларини бошқариш ва назорат қилиш жараёнлари тўлиқ рақамли шаклга ўтказилмоқда.

Мазкур тизим орқали газ тармоқлари, улардаги ускуналар ва инфратузилма объектлари ҳақидаги барча маълумотлар ягона электрон платформага жамланади. Бу эса соҳа мутахассисларга ҳақиқий вақт режимида маълумот алмашиш, жорий ҳолатни таҳлил қилиш ва тезкор қарорлар қабул қилиш имконини беради.

“Ҳудудгаз Бухоро” газ таъминоти филиалида ҳам ушбу замонавий ёндашув самарали жорий этилган. Соҳа мутахассислари “Arc GIS Enterprise Advancyed” иловаси орқали кун давомида бажарган ишлари тўғрисидаги маълумотларни “ArcGIS–HGT Онлайн бошқарув” тизимига юклаб бормоқда. Бу эса иш жараёнларининг шаффофлиги ва назорат қилинишини таъминлайди.

Филиал бўлим бошлиғи Акмал Насретдиновнинг таъкидлашича, мазкур тизим орқали нафақат ходимлар фаолияти таҳлил қилинади, балки газ таъминотининг узлуксизлиги ҳам доимий мониторинг қилиб борилади. Энг муҳими, тармоқларда юзага келиши мумкин бўлган авария ҳолатлари тезкор аниқланиб, ўз вақтида бартараф этиш чоралари кўрилади.
Хулоса қилиб айтганда, газ таъминоти тизимида рақамли технологияларнинг жорий этилиши соҳада янги босқични бошлаб берди. Бу нафақат иш самарадорлигини ошириш, балки аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига сифатли хизмат кўрсатишни таъминлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.